Уч мамлакат вазирлари Тошкентда учрашди
Тошкентда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикасининг энергетика ва сув хўжалиги соҳаларига масъул вазирлари иштирокида навбатдаги ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Энергетика вазирлигида ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири Ерлан Аккенженов, сув хўжалиги ва ирригация вазири Наримон Нуржигитов, Қирғиз Республикаси энергетика вазири Таалайбек Ибраев иштирок этди. Шунингдек, уч давлатнинг соҳавий идоралари раҳбарлари ва мутахассислари ҳам музокараларда қатнашди.
Йиғилишда ёз мавсумида сув-энергетика тизимларининг барқарор фаолият юритишини таъминлаш, тўғри ва самарали режалаштириш масалалари муҳокама қилинди. Давлатлар ўртасида энергетика тармоқлари иш режими бўйича мувофиқлаштирилган графиклар келишилди.
Шу билан бирга, томонлар "Қамбарота ГЭС-1" қурилишига доир амалга оширилаётган қўшма лойиҳа юзасидан фикр алмашди. Мазкур лойиҳа Марказий Осиёда сув ва энергетика мувозанатини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Учрашув якунида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тегишли баённома имзоланди. Шунингдек, яқин кунларда бўлиб ўтадиган навбатдаги тадбирларни мувофиқлаштирилган тарзда ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди, дейилади вазирлик ахборот хизмати хабарида.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА