Ҳуқуқбузарликларнинг йўлини тўсиб...
Тошкент шаҳридаги "Темирйўлчилар" маданият саройида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида коррупцияга қарши кураш бўйича "Энг фаол фуқаролар йиғини" кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Тошкент шаҳридаги "Темирйўлчилар" маданият саройида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида коррупцияга қарши кураш бўйича "Энг фаол фуқаролар йиғини" кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир коррупцияга қарши курашиш бўйича Республика идоралараро комиссияси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши томонидан ташкил этилди.
Кўрик-танлов Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкилотчиларнинг жорий йил 13 сентябрда ҳамкорликда ишлаб чиққан қўшма қарори асосида ўтказилди.
Танловни ўтказишдан мақсад – соҳага оид қонун ҳужжатларини кенг тарғиб қилиш, маҳалла фаолларининг жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатини кучайтириш, аҳоли ўртасида коррупцияга қарши курашиш борасидаги тарғибот ишларини такомиллаштиришдан иборат.
Таъкидлаш жоизки, тадбир иштирокчиларининг қўшма қарорига мувофиқ танловнинг туман (шаҳар) босқичлари жорий йил 16-26 октябрь кунлари, ҳудудий босқичи 1-15 ноябрь кунлари ўтказилди.
Танловнинг саралаш босқичларида 4665 фуқаролар йиғинларининг ходимлари ва фаоллари иштирок этди. Ғолибликни қўлга киритган 200 иштирокчи танловнинг ҳудудий босқичларида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Танловнинг туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларида кузатувчи сифатида қарийб 30 мингга яқин аҳоли иштирок этди. Жойларда танловнинг саралаш босқичларини ўтказишда фуқаролар йиғинлари бинолари, мусиқа ва санъат мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактаблари, маданият уйлари, аҳоли дам олиш масканлари имкониятларидан кенг фойдаланилди.
Кўрик-танлов иштирокчилари дастлабки шартда ўз маҳаллаларида коррупцияга қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар билан таништирди ҳамда эришилган ижобий натижалар акс эттирилган фотоальбомларни тақдим этди. Навбатдаги шартда коррупцияга қарши курашишга оид қонун ҳужжатларидан тузилган саволларга иштирокчиларнинг берган жавоблари баҳоланди. Учинчи шартда иштирокчиларнинг аҳоли онгида коррупцияга қарши иммунитетни шакллантиришга бағишлаб тайёрлаган тарғибот материаллари (видеороликлари) намойиш этилди.
Танловнинг республика босқичида биринчи ўрин Наманган вилояти Чуст тумани "Янгиер" маҳалла фуқаролар йиғинига насиб этди. Иккинчи ўринга Навоий шаҳридаги "Ватан" маҳалла фуқаролар йиғини муносиб топилди. Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги "Обод" маҳалла фуқаролар йиғинига учинчи ўрин берилди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда маҳаллалар учун зарур барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда, – деди Наманган вилояти Чуст тумани "Янгиер" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Рустамова. – Ёшлар тарбиясига беэътибор бўлмаслик, аҳолининг барча қатламларини иш билан таъминлаш, оилаларни асраш, ҳар бир маҳалладошни доим огоҳ ва ҳушёр бўлишга ундашга маҳалламизда алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мзкур танлов яхши тажрибаларни таҳлил этиш, ўзаро фикр алмашишда муҳим аҳамият касб этди.
Кўрик-танловда ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланди.