У халқнинг дилидаги гапларни ёзарди
Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган шеър, қўшиқ ва рақслар ижодий учрашувга ўзгача шукуҳ бахш этди.
Гулистон шаҳрида жойлашган Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида “Ўзбек тилим – жону дилим” мавзусида навбатдаги адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Тадбир меҳмони бўлган ўзбек халқининг севимли адиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Х.Тўхтабоев мактаб ўқувчиларига халқ оғзаки ижодини ўрганишни, жуда кўп мақоллар ёд олишни, китоб мутолаа қилишни ва ҳар бир ўқувчи халқимизнинг бой маънавий меросини яхши ўрганиши лозимлигини уқтирди.
У Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ҳақида тўлқинланиб, қуйидагиларни баён қилди: “Мен Ҳалимахоннинг уйига борганман, ота-онасини жуда яхши танир эдим.
Улар меҳнаткаш, самимий инсонлар эди. Ҳалиманинг шеърларида адолат, меҳнатсеварлик, шижоат руҳи уфуриб турарди. У халқнинг дилидаги гапларни ёзарди. Болаларим, мана шу мактабнинг қизлари, Ҳалима сингари адолатли, халқпарвар ижодкор бўлиб етишинглар”.
Мактаб ўқувчилари томонидан тайёрланган шеър, қўшиқ ва рақслар ижодий учрашувга ўзгача шукуҳ бахш этди.
Қисқаси, шу кунги тадбир ёшлар маънавиятини бойишига хизмат қиладиган ҳикматлар дурдонасига айланди, десак, муболаға бўлмайди.
Моҳидил Зияева,
Ҳалима Худойбердиева
номидаги ижод мактаби
она тили ва адабиёт
фанлари ўқитувчиси