Тутинган ота-оналарга сертификатлар топширилди
Республика болалар ижтимоий мослашув маркази ҳамда Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида Бухоро шаҳридаги 32-Меҳрибонлик уйи ҳузурида тутинган ота-оналарни тайёрлаш курслари ташкил этилди.
Етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилада тарбияга олаётган ёки оилавий болалар уйи ташкил қилиш истагида бўлган 22 нафар тингловчи тутинган ота-оналар курсда ўқитилди.
Бир ой давомида курс тингловчиларига республика болалар ижтимоий мослашув марказининг етакчи тажрибали мутахассислари томонидан машғулотлар олиб борилди. Курслар маъруза, семинар, амалий ва кўчма машғулот, тажриба алмашиш тарзида олиб борилди. Машғулотлар жараёнида тингловчиларга болалар психологияси ва педагогикаси, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, тутинган ота-оналарнинг мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунча ва билимлар берилди.
Курсни муваффақиятли якунлаган тингловчи тутинган ота-оналарга вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева махсус билим ва малакага эга бўлганликларини тасдиқловчи сертификатларни топширди.



Зариф КОМИЛОВ, ЎзА