Туш пайтидаги зарба: Мьянма бозорида 49 киши ҳалок бўлди
Мьянманинг Ракхайн штатида мухолифат назоратидаги ҳудудда бозор яқинига берилган ҳаво зарбаси камида 49 кишининг ҳаётига зомин бўлди, 58 киши яраланди. Ҳалок бўлганлар орасида савдогарлар, харидорлар ва кўчадан ўтаётганлар бор.
Ҳодиса душанба куни туш пайти Кьяуктау ҳудудида содир бўлган. Ракхайнни назорат қилаётган “Аракан армияси” маълумотига кўра, қирувчи самолёт бозор яқинига икки бомба ташлаган, ярадорларнинг 22 нафари оғир аҳволда. Ҳудуддаги қутқарув хизмати вакили ҳам қурбонлар сонини тасдиқлади. Унинг айтишича, штатдаги асосий улгуржи савдо маркази ҳисобланган бу бозорга яқин ҳудуддаги барча туманлардан савдогар ва харидорлар келади. Ижтимоий тармоқда тарқалган тасвирларда ёнғинга ўралган бинолар, шикастланган автомобиллар ва кўприкнинг вайрон бўлган қисми кўринган.
Мьянма армияси ҳолат юзасидан ҳозирча изоҳ бермади. Ҳарбийлар аввалги баёнотда ҳаво зарбаси фақат қонуний ҳарбий нишонларга қаратилганини билдириб, қаршилик гуруҳларини террорчиликда айблаб келган. “Аракан армияси” Ракхайндаги этник озчилик учун мухторият талаб қилаётган ҳаракатнинг қуролли қаноти ҳисобланади. Гуруҳ 2023 йил ноябрида ҳарбий ҳаракат бошлаган ва штатдаги 17 шаҳарчадан 14 тасини назоратга олган. Жанг кучайгач, савдо йўлларига қўйилган чеклов озиқ-овқат танқислигини янада кучайтирди.
Ўтган йил декабрь ойида Мраук-У шаҳридаги шифохонага берилган ҳаво зарбасида камида 34 киши ҳалок бўлиб, 80 киши яраланган эди.
Мусулмон Зиё, ЎзА