Турон, Марказий Осиё ва Ўзбекистон
Жамият ўз имконияти, салоҳиятига суяниб яшайди.
Туркийлар минтақаси, мусулмонлар диёри – ўтмишда Туркистон, Турон номлари билан донг чиқарган Марказий Осиё халқлари кўп минг йиллик тарихида мураккаб ва масъулиятли даврларни хўб бошидан кечирган. Ташқи тазйиқ, қамал, ажралиш-у, парчаланишлардан сўнг бирлашиш имконияти кенгайиб, илк бор Туркий давлатлар ташкилоти таъсис этилди. Энди дини, урф-одати, хулқ-атвори ва ҳатто, инсоний феъл-у табиати бир-бирига яқин миллатлар жипслашмоқда. Бугун, қарийб, 160 миллион нуфусли Марказий Осиё ва турк дунёсининг нияти бир, режаси, орзу-умиди ҳамоҳанг. Бу халқларни таниқли давлат арбоблари, ўз тақдирини миллатининг шонли йўли, бахтли келажагига бағишлаган, сиёсатда катта тажриба тўплаб, жаҳон жамоатчилиги диққат-эътиборини жалб қила олган уддабурон йўлбошчилар бошқармоқда.
Ўзбекистон мустақиллигининг 27-йилида давлат бошига келган Шавкат Мирзиёев “Илгари халқ давлат, ҳукуматга хизмат қилган бўлса, энди давлат билан ҳукумат халққа хизмат қилади, деганидан кейин халқ янги Ўзбекистон Президенти ташаббусларини қизғин қўллаб-қувватлай бошлади.
Бугун Ўзбекистон пойтахтининг қиёфаси мутлақ ўзгариб бормоқда. Илгари ўзим истиқомат қилган мавзега бориб, кўп йил яшаган жойимни таний олмай қолдим. Тағин, бирор таниш кўриб қолмасин, дея ийманиб, ўзим яшаган уй қаердалигини сўраб, аниқлаштирдим. Сўнгги беш йилда кўча, майдон, мавзелар шунчалик ўзгариб кетган-ки, қўяверасиз. Унда-мунда пенсионерлар учун кундузи текин қилинган, айниқса, ёз чилласида муздек салқин метро поезд-вагонларидан, электромобиль автобусларидан фойдаланаман. Ҳа, айтгандек, катта маблағ, куч-қувват, махсус илм-билим талаб қиладиган ва “пул йўқ!” дея тўхтатиб қўйилган метро қурилиши ҳам сўнгги беш йилда қайта тикланди. Янги ер усти, ер ости метро станциялари очилиши бугун оддий кундалик воқеага айланди.
Ёдимда, ўтган аср 60-йилларида Ўзбекистон пойтахти марказидаги қадимда “пиёнбозор” деб ном чиқарган ҳозирги МУМ (ЦУМ) ёнида хорижий сайёҳларга мўлжаллаб 5 қават (томидаги айвони билан бирга 6 қават)ли Ўзбекистон пойтахтида биринчи қўп қаватли “Тошкент” меҳмонхонаси қад кўтарган эди. Яқин-яқинларгача салобати ва қулайлиги бўйича тенги йўқ бу бино пойтахт марказида алоҳида савлат тўкиб турарди. Мана, кўп вақт ўтгани йўқ, энди маҳаллий ва хорижий сайёҳлар, меҳмонлар қарийб 10 баробар баланд - 51 қаватли бинодан Тошкентни суратга тушириб, томоша қиладилар. Шунга ўхшаш кўп қаватли бинолар шаҳарнинг барча туман, мавзелари, республика шаҳарлари ва вилоятлар марказида ҳам, гўё, ер остидан униб-ўсиб чиқаётган қўзиқорин каби кўкка бўй чўзмоқда.
Сўнгги йилларда ҳукумат фаолиятида, тан олиш керак, қатъиятлик, дадиллик, шашт яққол сезилмоқда. Очарчилик ҳукм сурган ўтган асрнинг 30 йилларидан, Иккинчи Жаҳон урушидан 80-90 йил ўтиб, мамлакатимиз анча ривожланиб, тараққий қилган бўлса-да, жамоатчилик олдида тан олинмайдиган айрим муаммолар бор эди. Энди ҳукумат бор ҳақиқатни очиқ-ойдин тан олди. Икки йил муқаддам Ўзбекистонда Иқтисодий тараққиёт ва (эътибор беринг), камбағалликни қисқартириш вазирлиги тузилди. Бу кўп ҳақиқатни тан олиш билан тенг эди. Янги вазирлик режаси асосида жамиятимизнинг энг кам таъминланган қатламлари ўрганиб чиқилди, аниқ дастур, тадбирлар ишлаб чиқилди. Белгиланган вазифалар учун маблағ ажратилди. Бугун бу ишлар ҳукумат, маҳалла ва кенг жамоатчилик назорати остида олиб борилмоқда.
Янгиланаётган Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг илиқ, ҳаётбахш шабадаси эсмоқда. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги қадим қардошлик тикланиб, ҳар бир давлатнинг миллий манфаати ҳисобга олинган ҳолда, меҳр, фахр ва ғурурга асосланган янги дўстона муҳит шаклланди. Халқларимиз ўртасидаги реал ва рамзий тўсиғқлар олиб ташланди, асрлар мобайнида бирга яшаган эллар бир-биринининг дийдорига тўйди, узоқ йиллар кўриша олмаган қариндош-уруғ кўзларида қувонч ёшлари билан яқинларини бағрига босди. Давлатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабат миллиардлаб долларларга қадар кўтарилди. Халқимиз томонидан мустақилликнинг дастлабки кунларидан кутилган тўғрилик, одиллик, инсонпарварлик ва бағрикенглик сиёсати жаҳон ҳамжамияти томонидан мамнуният билан қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон 2019 йил, ниҳоят, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига - Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлди. Олдинда янада катта, янада улуғвор юмушлар, мамлакатимиз раҳбарияти олдида эса улкан вазифалар турибди. Биз порлоқ келажакдан умидвормиз, бироқ сира унутмаслигимиз керак-ки, бугунги кун, бугунги имконият, бугунги салоҳият билан яшаймиз, меҳнаткаш, заҳматкаш ўзбек халқининг эса, таъкидлаш жоиз, яхши яшашга маънавий, ҳуқуқий, тарихий ҳақи бор.
Ва бу масъулиятли йўлда фаолиятни халқ билан бамаслаҳат иш қилишдан бошлаган, шундай сиёсатни изчил давом эттираётган Ўзбекистон раҳбарияти бор куч-қувватини тинчликка, осойишталикка, маъмурчиликка йўналтираётгани кўзга яққол ташланиб турибди.
Ирисмат Абдухолиқов, ЎзА