Турмуш сифатини яхшилаш йўлидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда
Ижтимоий ҳимоя рақамларда эмас, инсонлар тақдирида намоён бўлади. Бу борада Гулистон шаҳрида амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Жорий йилнинг ўзида 1,1 минг оиланинг камбағалликдан чиқарилгани, ногиронлиги бўлган шахслар, болалар, ёшлар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар учун кенг кўламли хизматлар йўлга қўйилгани бунинг яққол тасдиғидир.
Гулистон шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази маълумотларига кўра, бугунги кунда 103 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган шаҳарда қарийб 10 минг нафар фуқаро турли ижтимоий хизматлар билан қамраб олинган.

— Марказ фаолиятининг асосий мақсади аҳолининг ижтимоий эҳтиёжларини эрта аниқлаш, уларга манзилли хизматлар кўрсатиш ҳамда доимий ижтимоий ҳамроҳлик орқали ҳаёт сифатини яхшилашдан иборат, — дейди Гулистон шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори Тоҳир Шомиров.
Марказ мутахассислари ва маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар томонидан ўтказилган хатловлар натижасида ижтимоий-иқтисодий хавф гуруҳига мансуб 2 157 нафар даромади паст фуқаро ҳамда 5 нафар уйсиз шахс аниқланди. Илгари ижтимоий реестрга киритилмаган 74 та муҳтож оила рўйхатга олиниб, уларнинг 61 тасига болалар нафақаси тайинланди. Шунингдек, мазкур оилалардаги 101 нафар бола мактабгача таълим муассасаларига, 41 нафари эса турли тўгаракларга жалб этилди.
Эҳтиёжманд оилаларнинг барқарор даромад манбаига эга бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 13 та оилага имтиёзли кредитлар ажратилди, 8 та оила қуёш панеллари ва кўчма савдо дўконлари билан таъминланди, 14 та хонадон эса «Яшил таъмир» лойиҳаси асосида таъмирланди. Ана шу чора-тадбирлар самарасида 1,1 минг оила камбағалликдан чиқарилди. Эътиборлиси, уларнинг 125 тасида жон бошига тўғри келадиган ойлик даромад 1,5 миллион сўмдан ошди.

Ижтимоий ҳимоя соҳасида тиббий ва реабилитация хизматлари ҳам изчил кенгайиб бормоқда. Жорий йилда 938 нафар фуқарога ногиронлик белгиланди. Шундан 191 нафари болалардир. Янги тартиб асосида 96 нафар фуқарога ногиронлик муддатсиз белгиланди. Шу билан бирга, 33 нафар шахс реабилитация хизматлари билан қамраб олинди, 148 нафар эҳтиёжманд протез-ортопедия буюмлари ҳамда реабилитация техник воситалари билан таъминланди.
Ногиронлиги бўлган болалар учун шаҳарнинг тўртта маҳалласида кундузги парвариш хизмати йўлга қўйилди. Айни пайтда мазкур хизматдан 55 нафар бола фойдаланмоқда. «Фаол ҳаётга қадам» дастури доирасида эса 71 нафар ўзгалар парваришига муҳтож шахс қараб туриш хизмати билан қамраб олинди.
Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини кенгайтириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 155 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди, 274 нафар эса адаптив спорт тўгаракларига жалб қилинди.
Хотин-қизлар ва болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича ишлар ҳам изчил давом эттирилмоқда. Инклюзив таълимни ривожлантириш мақсадида шаҳардаги 13 та умумтаълим мактабида тўсиқсиз муҳит яратилди ва коррекцион хоналар ташкил этилди. Натижада инклюзив синфлар сони 33 тага, уларда таҳсил олаётган болалар сони 42 нафарга етди.
Шунингдек, 412 нафар болага васийлик ва ҳомийлик белгиланди, 71 нафар ёш «Ёшларга ҳамроҳлик» дастурига жалб қилинди, 17 нафар ёш олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Сўнгги уч йилда деинституциялашув сиёсати доирасида 49 нафар бола махсус таълим муассасаларидан инклюзив таълим тизимига ўтказилди.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ва жамиятга мослашишга муҳтож фуқаролар ҳам эътибордан четда қолмаяпти. Улардан 43 нафарига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиб, ҳуқуқий ва психологик хизматлар ташкил этилди.
— Аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва турмуш сифатини яхшилаш йўлидаги ишларимиз изчил давом этади, — дейди Тоҳир Шомиров.
Умуман, Гулистон шаҳрида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ишлар манзилли ёндашув самарадорлигини янада оширишга, аҳолининг турмуш сифатини юксалтиришга ҳамда инсон қадрини таъминлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, кўрсатилаётган ҳар бир ёрдам инсонларнинг турмуш даражасини яхшилаш ва уларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини яна бир бор намоён этмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири