Бухорода 30 минг 269 нафар абитуриент тест синовларини топшириши кутилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро вилоятида ҳам 2026/2027 ўқув йили учун олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовларига бугун старт берилди.
Жараёнга юқори ташкилий даражада тайёргарлик кўрилган бўлиб, абитуриентлар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилоят бўлими биноси ҳамда Бухоро шаҳридаги “Семурғ” спорт мажмуасида тест синовларини топширмоқда.
23 июлга қадар давом этиши белгиланган бўлиб, тест жараёнлари икки сменада ташкил этилмоқда. Ҳар бир сменада вилоят бўйича 1 минг 530 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланган. Шундан Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги вилояти бўлими биносида 1 минг 200 нафар, “Семурғ” спорт мажмуасида 330 нафар абитуриент тест топширади. Натижада бир кун давомида жами 3 минг 60 нафар абитуриентнинг тест синовларида иштирок этиши таъминланади.
[gallery-30401]
Жорий йилда вилоят бўйича жами 30 минг 269 нафар абитуриент олий ва касбий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этиши режалаштирилган. Тест жараёнларини пухта ташкил этиш, ҳар бир иштирокчи учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга алоҳида эътибор қаратилган.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА