«Туркон»ликлар Наврўзни бошлаб юборди
Халқ билан мулоқот қилиш, аҳолининг мурожаатларига ечим топиш ва «Обод қишлоқ» Давлат дастури доирасидаги ишларни назорат қилиш, муаммоларга ечим топиш мақсадида «Туркон» маҳалла фуқаролар йиғинида Бухоро вилояти прокурори, 2-сектор раҳбари Маҳмуд Истамов фаолият олиб бормоқда.
– Ҳудудда хонадонлар сони 900 тани ташкил этади, – дейди Туркон маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асатилло Нарзуллаев. – Йиғинда 4 минг 542 нафар аҳоли, 1 минг 178 та оила истиқомат қилади. Ҳудудда 25 нафар киши “Темир”, 38 нафар хотин-қиз “Аёллар”, 27 нафар йигит-қиз “Ёшлар” дафтарларига киритилган. Маҳаллада 7 та қишлоқ яъни Қулуштрум, Лабиденов, Арабхона, Кичикбой, Қайрағоч, Туркон, Маҳалла қишлоқлари мавжуд.
Ҳудудда тадбиркор “Диёр Файз дилба кор” МЧЖ раҳбари Жасур Сатторов маҳалладаги 6 нафар ёшни иш билан таъминлаб, қурилишбоп материаллар ишлаб чиқаряпти.
– Айни кунда шпалер, шлакаблок, пенаблок, гипсоблок ишлаб чиқаряпмиз, – дейди корхона раҳбари Ж.Сатторов. – Маҳсулотларимиз харидоргир. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш, корхонамизни замонавийлаштириш мақсадида вилоят прокуроридан имтиёзли кредит олишда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилдим. Мурожаатим ўз ўрнида ўрганиб чиқилди. Айни пайтда ишлар олиб бориляпти. Агар имтиёзли кредит олсам, яна 20 нафар маҳалла ҳудудидаги ёшларни иш билан таъминлайман.
Қодир Ҳикматов ҳам шу маҳалла ҳудудида яшайди. Ишчи гуруҳи томонидан Қодирнинг бандлиги таъминланмаганлиги сабабли уни “Диёр Файз дилба кор” МЧЖга ишга жойлаштирди. Ҳовлисидаги томорқада мавжуд ердан мақсадли фойдаланмаганлиги сабабли 1 сотихлик иссиқхона қуриб берилди.
[gallery-1409]
– Иссиқхонага бодринг, кўкат, қулупнай экишни режалаштиряпман, – дейди Қодир Ҳикматов. – Тажрибам бор. Иссиқхонада ишлаб келганман. Оилам, рўзғоримга ўзимнинг ҳиссамни қўшишимдан хурсандман. Ёшларни чет давлатларга бориб ишлашларини эшитиб хафа бўламан. Уларга қарата: “нима қиласиз бошқа давлатга бориб ишлаб, ахир Ўзбекистонимизнинг ўзида минглаб иш ўринлари, имкониятлар бор-ку! Фақат қунт билан меҳнат қилса ҳаммасига эришса бўлади”, деб айтгим келади. Лекин ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб қарор қабул қилади, албатта.
Ўрганишлар давомида сектор раҳбари томонидан тадбиркорнинг фаолияти ўрганилди. Муаммоларга ечим изланиб, мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Фуқаро Аҳмат Бекниёзов ҳудуддаги фермер хўжаликларининг бирида ишчи бўлиб ишлайди. Оиласида ягона ўзи оила боқувчиси бўлгани сабабли моддий жиҳатдан қийналиб қолган. Уйи ҳам пахса девордан қурилган бўлиб, таъмирга муҳтож.
2-сектор раҳбари бошчилигидаги ишчи гуруҳ мазкур оиланинг турмуш шароитини ўрганиб чиқди. Оила “Темир” дафтарга киритилганлиги сабабли, уйини таъмирлаш мақсадида ҳудуддаги қурувчилардан бирини ҳомийлик асосида бириктириб қўйди.
– Ишчи гуруҳига раҳмат, – дейди хонадон бекаси Гулнора Соҳибова. – Ҳомийлар кўмагида эски ҳовлимиз ўрнига янгидан уй қуриляпти. Энди менинг ҳам замонавий уйим, ошхонам бўлади. Бундан хурсандман. Аввало давлат раҳбарига миннатдорчилик билдираман. Биз аёлларни ўйлаб, кўплаб ислоҳотларни амалга ошираяпти.
Ҳудудда ишчи гуруҳлари тегишли дафтарларга киритилган ҳар бир киши билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганмоқда. Иссиқхона қуриш, кредит ажратиш, ҳудудда хизмат соҳасини ривожлантириш, бандлик, ички йўлларни таъмирлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Отам, укам Россия давлатида ишлашга кетган, – дейди Туркон қишлоғида яшовчи Назира Ражабова. – Афсуски, пандемия даврида улар ишлай олмаганлиги сабабли аҳволимиз оғирлашиб борди. Моддий жиҳатдан қийналиб қолдик. Ишчи гуруҳи оиламизни ўрганиб чиқди. Моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашди. Уйимизнинг том қисми янгидан таъмирлаб берилди. Янги дарвоза ўрнатилди. Томорқамизга картошка, сабзи, пиёз, кўкатлар экилди. Дарахтларимизга шакл берилди, деворларимиз оқланиб ҳовлимизга шағал ётқизилди. Уйимизга файз кирди. Наврўз олди хонадонимиз обод бўлди.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА