Туркманистон Давлат ахборот агентлиги раҳбари ЎзАда (+видео)
Маълумки, 9-10 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг 16-учрашуви бўлиб ўтади.
Анъанага мувофиқ, бу гал ҳам юртимизга кўплаб нуфузли хорижий меҳмонлар қатори ташкилотга аъзо мамлакатлардан ОАВ вакиллари ҳам ташриф буюрган. Улардан бири – Туркманистон Давлат ахборот агентлиги раҳбари Мердан Газакбаев бугун Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ташриф буюрди.
Икки мамлакат етакчи ахборот агентликлари раҳбарлари ўртасида кечган мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Туркманистон ўзаро стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом этаётгани таъкидланиб, меҳмонга юртимизда турли соҳалар қатори медиа маконда юз бераётган ижобий ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берилди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/nyU9L9laERg" title="Туркманистон Давлат ахборот агентлиги раҳбари ЎзАда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Шунингдек, қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги муштарак муносабат, айниқса, маданият, санъат, ахборот алмашинуви каби соҳаларда жадал ривожланаётгани, айни жараёнда ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида мунтазам ахборот алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Мердан Газакбаев Туркманистон Давлат ахборот агентлиги ЎзА билан мунтазам алоқани йўлга қўйишдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзаро мулоқот чоғида ЎзА ва Туркманистон Давлат ахборот агентлиги ўртасида ахборот алмашиш кўламини кенгайтириш, ходимлар тажриба ва малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлиги маъқулланди.
– Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланмоқда, – деди Мердан Газакбаев. – Ҳар икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро расмий ташрифлари натижасида, стратегик шериклик мустаҳкамланяпти. Туркманистонда Ўзбекистон маданияти кунлари, Ўзбекистонда Туркманистон маданияти кунлари ўтказилди. Мазкур анжуманлар халқларимизни янада жипслаштирди, дейиш мумкин. Биласизми, мамлакатларимиздаги муҳим воқеалар ҳақида ахборот беришда манбанинг холис, ишончли бўлиши жуда муҳим. Шу маънода Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга келишиб олганимиз айни муддао. Фурсатдан фойдаланиб, қардош ўзбек халқига тинчлик, фаровонлик, юртингизга янада ободлик тилаймиз.
Туркманистон Давлат ахборот агентлиги (ТDH) асосий расмий агентлик сифатида давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик муносабатидан келиб чиқиб, ўз сайтида мунтазам равишда мамлакатимиз ҳаётига оид материаллар эълон қилиб боради.
Ўткир Алимов, Муродхон Хўжаев (сурат), Ёқубжон Мелибоев (видео), ЎзА