Туркиянинг янги ташриф қоғози
Туркия “Дипломатияни қайта форматлаш” мавзусида Иккинчи Дипломатик форум ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда.
Мамлакат ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлу томонидан ташкиллаштирилган халқаро анжуман мамлакат президенти Режеп Таййип Эрдўғон шафъелигида 11-13 март кунлари Анталияда бўлиб ўтади.
“Hurriyet” газетасининг ёзишича, анжуманда 12 та давлат раҳбари, 15 нафар етакчи, 3 нафар ҳукумат раҳбари, 67 нафар вазир, 6 нафар вазир ўринбосари ҳамда 44 та халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг раҳбарлари, жумладан НАТО бош котиби Йенс Столтенберг иштирок этиши кутилмоқда.
Анжуман доирасида бўлиб ўтадиган мунозараларда халқаро миқёсдаги арбоблар билан бир қаторда дипломатлар, бизнес етакчилар, таҳлил марказлари аъзолари, олимлар, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форумда демократик бошқарув, энергетика хавфсизлиги, сунъий интеллект, ирқчиликка қарши кураш, метавселенная (виртуал оламдаги мулоқот), Осиё-Тинчи океани минтақаси ва Африкани ривожлантириш, терроризм, ноқонуний миграция ва дезинформацияга қарши кураш, хотин-қизларнинг имконият ва ҳуқуқларини кенгайтириш, иқлим ўзгаришлари ва Европа хавфсизлигини қайта кўриб чиқиш каби бир қатор масалалар муҳокама қилинади.
Иккинчи Дипломатик форум ишида 2 минг 500 дан ортиқ иштирокчи қатнашади. Анжуман доирасида етакчилар иштирокида 4 та мажлис, 27 та муҳокама, 4 та давра суҳбати ва 2 та ёшлар тадбири ўтказилади.
Таҳлилчиларнинг фикрича, “Туркиянинг туризм маркази” дея тан олинадиган Анталияда ўтказилаётган Дипломатик форум мамлакатнинг янги ташриф қоғозига айланиб бормоқда. Шунингдек, шаҳар жаҳон дипломатияси марказларидан бири сифатида тан олинмоқда.
2019 йилда асос солинган мазкур форум мураккаб глобал масалаларга янгича ёндашувларни шакллантирмоқда ҳамда жаҳонда тинчлик қарор топишига ҳисса қўшмоқда. Анжуманда илгари сурилган ғоя ва ҳаракатлар глобал чақириққа айланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Дипломатияни қайта форматлаш” мавзусида Биринчи Дипломатик форум 2021 йилнинг 18-20 июнь кунлари Анталияда бўлиб ўтган эди.
Шарофиддин Тўлаганов