Саҳнада янги истеъдодлар бўй кўрсатишди
Сирдарё вилоятида ёшларнинг ижодий салоҳияти, санъатга бўлган меҳри ва орзулари яна бир бор катта саҳнада намоён бўлди. “Yoshlar ovozi” Bo‘zatov FEST танловининг вилоят босқичи бу сафар оддий мусобақа эмас, балки истеъдод, меҳнат ва орзулар тўқнашган ҳақиқий ижодий майдонга айланди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ташкил этилган ушбу лойиҳа ёшларни кашф этиш, уларни қўллаб-қувватлаш ва санъатга бўлган интилишни амалий натижаларга айлантиришга хизмат қилмоқда. Саҳна эса бугун орзулар синовдан ўтадиган, истеъдод тан олинадиган ва янги номлар тарихга муҳрланадиган майдон сифатида намоён бўлди.
Саралаш босқичларида 8 минг нафардан ортиқ ёш иштирок этгани ушбу ташаббусга бўлган қизиқишнинг нақадар юқори эканини кўрсатади. Улар орасидан 64 нафар энг иқтидорли ёш вилоят босқичига йўл олди ва бу ерда ўзларининг овоз имкониятлари, ижодий ёндашуви ҳамда саҳна маданияти билан ҳакамлар ва томошабинлар эътиборини қозонишга ҳаракат қилишди.
Танлов очилишида Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамов ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасида устувор йўналиш эканини таъкидлаб, бу каби танловлар янги авлод санъаткорлари учун муҳим мактаб бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Саҳнада эстрада, анъанавий ижро, опера ва бахшичилик йўналишларидаги чиқишлар бир-бирига уланиб, ҳақиқий санъат мусобақасига айланди. Иштирокчилар 10–15, 16–22 ва 23–30 ёш тоифаларида беллашиб, нафақат овоз, балки тафаккур, услуб ва саҳна маданиятини ҳам синовдан ўтказди. Баҳолаш жараёнида республикадан таклиф этилган малакали ҳакамлар ҳайъати ҳар бир чиқишни холис баҳолашга ҳаракат қилишди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунида ғолиблар муносиб тақдирланишди. Вилоят ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, Ёшлар ишлари бошқармаси бошлиғи Бобуржон Акрамов ҳамда Маданият бошқармаси бошлиғи Жасур Эгамбердиев томонидан уларга совринлар топширилди.
Энг муҳими, 1-ўринни қўлга киритган 12 нафар ёш Республика босқичида Сирдарё вилояти шарафини ҳимоя қилиш имкониятини қўлга киритди. Бу улар учун нафақат ютуқ, балки янада катта масъулият ҳамдир.
Ғолиблар қуйидаги йўналишлар бўйича аниқланди. “Эстрада” йўналишида Алибаба Мансимов (Сирдарё тумани), Манзура Валибоева (Мирзаобод тумани) ва Достон Абдуҳамидовлар (Ховос тумани) ғолибликни қўлга киритишди.
“Анъанавий ижро” йўналишида эса Муроджон Эркабоев (Сирдарё тумани), Шукрулло Орифжонов (Ховос тумани) ҳамда Зоиржон Ўринбоевлар (Боёвут тумани) энг юқори натижани қайд этишди.
[gallery-29540]
“Опера” йўналишида Муроджон Турғунов (Сирдарё тумани), Шодиёр Ўрозалиев (Мирзаобод тумани) ва Зоир Маматовлар (Сардоба тумани) ғолиблар сафидан жой олишди.
“Бахшичилик” йўналишида эса Мардон Алишеров (Гулистон тумани), Шоҳжаҳон Алишеров (Гулистон тумани) ҳамда Нурқобил Шербатовлар (Гулистон тумани) биринчи ўрин соҳиблари сифатида эътироф этилди.
“Yoshlar ovozi” Bo‘zatov FEST бугун ёшлар учун оддий танлов эмас, балки орзу ва имконият ўртасидаги кўприкка айланган. Саҳнада порлаган бу истеъдодлар эса эртанги кун санъатининг янги юзини белгилаб бериши шубҳасиз.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА