Туркия сармояси асосида бунёдкорлик
Мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хорижий инвесторлар учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида олиб борилаётган хайрли ишлар чет эл сармоядорларини юртимиз ҳудудларида ўз бизнесини йўлга қўйишга чорламоқда.
Туркиялик Режеп Ўздемир бошчилигидаги “Ortadoğu Holding” компанияси делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов билан амалий учрашувида ҳам икки томонлама ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
[gallery-13439]
Ушбу йирик ширкат 1981 йилда қурилиш ва логистика соҳасида иш бошлаган бўлиб, турли катта иншоотлар қуриш, экологик тоза энергия ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш хизматлари, халқаро қуруқлик транспортида катта тажрибага эга.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган мулоқотда Наманган шаҳрида маҳаллий тадбиркорлар таъсисчилигидаги “Art Soft Holding” компанияси ҳамкорлигида замонавий ер ости автотураргоҳига эга турар жой комплекси қуриш лойиҳаси тақдимот этилган эди. Мазкур лойиҳага мувофиқ, 1,75 гектар майдонда ер ости автотураргоҳига эга пастки қаватларида савдо-маиший хизмат кўрсатиш объектлари бўлган олтита 20 ва 14 қаватли 800 та хонадонли турар жой мажмуаси, болалар ўйингоҳи, футбол майдончаси, пиёдалар йўлаги, фаввора ва “Яшил ҳудуд” барпо этиш режалаштирилган.
Вилоят ҳокими ушбу лойиҳа амалга ошириладиган ҳудуд шаҳарнинг маркази эканлигини таъкидлаб, лойиҳа ичига меҳмонхона ҳам қуриш мақсадга мувофиқлигини билдирди. Шунингдек, туркиялик ҳамкорларга янги барпо этилаётган “Янги Наманган” шаҳарчасида ҳам йирик қурилиш ишларини амалга ошириш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.