Туркия делегацияси Қонунчилик палатасида
Туркия Республикаси Буюк миллат мажлиси Имкониятларда гендер тенглик комиссияси раиси Фатма Аксал бошчилигидаги делегация мамлакатимизга ташрифи доирасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов билан учрашди.
Мулоқот аввалида А.Саидов мазкур учрашув икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади. Меҳмонларга мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилган изчил ислоҳотлар, ҳар томонлама пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берилди.
Қайд этилганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Туркия парламенти билан ҳар томонлама мулоқотни фаоллаштириш тарафдори. Шу маънода парламентлараро муносабат мунтазам ривожланаётгани қувонарли.
[gallery-5669]
Мамлакатларимизни тарихий алоқалар, маданий ва диний ришталар, уйғун анъаналар ва маънавий қадриятлар боғлаб туради.
Жорий йил 4 март куни Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига 30 йил тўлади. Сўнгги йилларда икки ва кўп томонлама ҳамкорлик жараёнида шаклан ва мазмунан сезиларли ижобий ўзгариш кўзга ташланди. Минтақалараро алоқа жонланиб, мунтазамлик касб этмоқда.
Суҳбат давомида ўзаро алоқани янада мустаҳкамлаш, жумладан, қонун ижодкорлиги ва парламент назорати соҳасида тажриба алмашиш қамровини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Якунда Ўзбекистон ва Туркия парламентлараро ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ таклифлар билдирилди.
Гўзал САТТОРОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА