Туркия делегацияси Бухорода
Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой бошчилигидаги делегация кўҳна ва боқий Бухорода бўлди.
Мартабали меҳмонни Бухоро халқаро аэропортида вилоят ҳокими Ботир Зарипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.
Дастлаб меҳмонлар Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилди. Давлат раҳбари ташаббуси билан мажмуада амалга оширилган ободончилик ишлари билан танишди.
Сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан туризм соҳаси янги босқичга олиб чиқилганлиги ва Бухоронинг туризм салоҳияти, қадимий тарихи, маданий-мерос объектлари, зиёратгоҳлари ва гўзал табиатини саёҳат қилиш бўйича жаҳон миқёсида қизиқишнинг ошгани ҳақида маълумот берилди. Туризм йўналишини янада ривожлантириш ва юртимизга сайёҳлар оқимини кенг жалб қилиш мақсадида тур компанияларга яратилган енгилликлар ҳамда чет эллик сайёҳлар учун виза режимининг соддалаштирилганини таъкидланди.
[gallery-19013]
Меҳмонлар Бухоро шаҳридаги Абдухолиқ Ғиждувоний кўчасида турк компаниялари лойиҳаси ва инвестицияси асосида барпо этилаётган меҳмонхоналарнинг қурилиш ишларини кўздан кечирди. Янги инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Меҳмонлар Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIKA) томонидан Бухоро шаҳрида ташкил этилган “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассосиацияси биноси, Касб-ҳунар, инновацион ўқув марказининг расмий очилиш маросимида қатнашди. Марказда ташкил этилган ўқув курслари билан қизиқишди.
Делегация аъзолари кўҳна ва боқий Бухородаги тарихий обидаларни зиёрат қилди. “Арк қалъаси”, “Сомонийлар” мақбараси, “Пойи калон” мажмуаси, “Мирзо Улуғбек” ва “Абдулазизхон” мадрасаси, “Лаби ҳовуз” ансамбли меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари