Туркий халқлар адабиёти ва фольклорининг долзарб масалалари муҳокама қилинди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Филология факультети қорақалпоқ адабиёти кафедраси ташаббуси билан “Туркий тилли халқлар адабиёти тарихи, фольклорини ўрганишнинг долзарб масалалари ва инновацион ёндашувлар” мавзусида халқаро илмий-назарий конференция ўтказилди.
Унда туркий халқлар адабиёти ва фольклорининг ривожланиш тарихи, ўзига хос бадиий-эстетик хусусиятлари, миллий қадриятларни ифодалашдаги ўрни, фольклор намуналарини замонавий усуллар асосида тадқиқ этиш, адабиётшунослик ва фольклоршуносликда инновацион ёндашувларни қўллаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбирда Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистоннинг қатор олий таълим муассасалари ва илмий марказларидан профессор-ўқитувчилар, олим ва тадқиқотчилар, докторант, магистрант ҳамда талабалар иштирок этди.
Маърузаларда туркий тилли халқлар адабиёти тарихининг муҳим босқичлари, мумтоз ва замонавий адабиёт намуналари, халқ оғзаки ижодининг жанрий хусусиятлари, достончилик анъаналари, халқ қўшиқлари, мақол ва маталлар, афсона ҳамда ривоятларнинг бадиий ва тарихий аҳамияти ҳақида фикр алмашилди.
[gallery-31633]
Шунингдек, адабиёт ва фольклор намуналарини ўрганишда рақамли технологиялардан фойдаланиш, замонавий тадқиқот усулларини жорий этиш, фанлараро ёндашув ва халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА