Фарғонада йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси аниқланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказида “Йилнинг энг яхши ахборот-кутубхона мутахассиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда вилоят, туман ва шаҳар ахборот-кутубхона марказларидан 13 нафар мутахассис иштирок этди.
Танлов иштирокчиларнинг касбий билим ва маҳоратини баҳолашга қаратилган тўртта шарт асосида ўтказилди. Унда китобларни интерактив усулларда тарғиб қилиш, “Баҳрибайт” беллашуви, кутубхоналарда амалга оширилган лойиҳалар тақдимоти ҳамда тест синовлари ташкил этилди.
Мазкур шартлар орқали иштирокчиларнинг китобхонликни замонавий усулларда тарғиб этиш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, тезкор ва мантиқий фикрлаш, нотиқлик маҳорати ҳамда касбий билимлари баҳоланди.
Тест синови Республика ахборот-кутубхона маркази томонидан онлайн тарзда ташкил этилди. Танлов жараёнининг очиқ ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси вакиллари ZOOM платформаси орқали жараённи кузатиб борди.
[gallery-31647]
Якуний натижаларга кўра, Фарғона вилояти ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Феруза Мақсудова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бешариқ тумани ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Жаҳонгир Ғаниев иккинчи, Қува тумани ахборот-кутубхона маркази мутахассиси Гулноза Махситалиева учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА