Туркий дунё фан академиялари ҳамкорлиги янги босқичда
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси биринчи вице-президенти — бош илмий котиб, академик Ш.Сагдуллаев ишчи ташриф билан Олмаота шаҳрида бўлиб, Туркий дунё миллий фанлар академиялари иттифоқининг (UNASTW) тўққизинчи Бош ассамблеяси йиғилишида иштирок этмоқда.
Тадбирда, шунингдек, туркий дунё мамлакатлари миллий фанлар академияларининг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек, илмий ва таълим ташкилотлари вакиллари қатнашмоқда. Йиғилиш Қозоғистон Республикаси Миллий фанлар академиясининг 80 йиллигига бағишланган тадбирлар доирасида ўтказилмоқда.
Бош ассамблея доирасида халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилмоқда. Истиқболли қўшма тадқиқот йўналишлари белгиланмоқда ҳамда Иттифоқ фаолиятининг келгуси устувор йўналишлари муҳокама қилинмоқда.
Фанлар академиялари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва мамлакатлар ўртасидаги илмий алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўз маърузасида Ш.Сагдуллаев замонавий даврнинг долзарб муаммоларини, жумладан, иқлим ўзгариши, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тиббиёт, энергетика ва сунъий интеллектни ривожлантириш масалаларини ҳал этишда туркий дунё мамлакатларининг илмий салоҳиятини бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
Ўзбекистон Фанлар академиясининг UNASTW Бош ассамблеясидаги иштироки халқаро илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, академик алмашинувни кенгайтириш ҳамда туркий дунё мамлакатлари илмий ташкилотлари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА