Болалар саратонини даволашда харажатларни тўлиқ қоплаш тизими яратилади
Ўзбекистонда онкологик ва гематологик касалликларга чалинган болалар ҳамда ўсмирларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган 2025–2035 йилларга мўлжалланган Миллий режада соҳани бошқариш ва барқарор молиялаштириш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу стратегик ҳужжатнинг олтинчи йўналишига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб онкологик хасталикларга чалинган болалар учун давлат тиббий суғуртаси ҳисобидан алоҳида хизматлар пакетини молиялаштириш босқичма-босқич жорий этилади.
Мазкур махсус пакет ўз ичига кўплаб ҳаётий муҳим ва зарур йўналишларни қамраб олади. Хусусан, у орқали кимётерапия, мақсадли ва иммунотерапия учун зарур бўлган замонавий дори воситалари, юқори технологик диагностика жараёнлари, мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳамда стационар шароитдаги даволаниш харажатлари тўлиқ қопланади.
Шу билан бирга, кичик ёшли беморлар ва уларнинг оила аъзолари учун психологик, ижтимоий ва паллиатив ёрдам кўрсатиш, теридан ташқари рақамли хизматлар ҳамда инновацион телетиббиёт имкониятларидан кенг фойдаланиш, шунингдек, беморлар тўлиқ соғайиб кетгунига қадар давом этадиган реабилитация ва тиббий хизматларни кўрсатиш назарда тутилган.
Миллий режа доирасида ҳудудлардаги тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш ва сифатини янада ошириш мақсадида Республика болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг ҳудудлардаги 14 та филиали фаолияти тубдан такомиллаштирилади.
Бу чора-тадбирлар жойларда касалликларни ўз вақтида – эрта босқичда аниқлаш, беморларни қисқа фурсатда ихтисослашган марказларга йўналтириш, даволаш жараёнини қатъий назорат қилиш ҳамда марказ ва ҳудудий мутахассислар ўртасида доимий масофавий маслаҳатлашувларни янада кенгайтириш имконини беради.
Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ, етакчи халқаро молия институтлари ва хорижий ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликда соҳага қўшимча инвестицияларни жалб қилиш, илғор диагностика имкониятларини кенгайтириш ҳамда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ишлари жадаллаштирилади.
2030 йилга бориб болалар онкологиясида диагностика, мураккаб даволаш муолажалари, зарур дори воситалари ва тўлиқ реабилитация харажатларини давлат томонидан 100 фоиз қоплаш тизимини тўлиқ шакллантириш кўзда тутилган.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА