“Туркий адабиётлар дурдоналари” тақдим этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Абдулла Қодирий номидаги Навоий вилоят Ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамда вилоят Ахборот-кутубхона маркази ҳамкорлигида “Туркий адабиёт дурдоналари” номли 100 жилдлик китоблар туркумининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари вилоят бўлимлари раислари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунос олимлар, ҳарбий қисм хизматчилари, журналистлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Отабек Аслонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими мутахассиси Жамшид Бўронов, шоира Ўралой Турдиева, журналист Жамолиддин Аҳтамов, вилоят Ахборот-кутубхона маркази директори Рамазон Ражабов сўзга чиқиб, “Туркий адабиётлар дурдоналари – бебаҳо хазина”, “Туркий адабиётларнинг муҳташам чамани” мавзуларида маъруза қилди. Улар вилоят Ахборот-кутубхона марказига келтирилган янги туркум китобларга киритилган улуғ алломалар ҳаёти, ижодий фаолияти, уларнинг адабий меросини сақлаб қолиш ва бу адабий хазинани авлодларга етказиш ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
[gallery-13149]
–Ушбу адабий хазина нафақат Марказий Осиёда, балки бутун туркий тилли давлатлар орасида илк бор рўёбга чиқарилган йирик адабий лойиҳанинг амалий ифодасидир, - деди Абдулла Қодирий номидаги вилоят Ахборот-кутубхона маркази директори ўринбосари Шамсия Бақоева. – Шунингдек, бу китобларнинг чоп этилиши юртимизда адабиётга, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қаратилган катта эътибор намунасидир. Мазкур китоблар жамланмасига умумтуркий адабиётнинг энг сара намуналари, ўзбек, қорақалпоқ, турк, озарбайжон, қозоқ, қирғиз, туркман, венгер адабиётининг атоқли адиб, шоир ва мутафаккирлари асарлари киритилгани китобхонларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Тадбир давомида мазкур китобларни халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, уларни бой тарихий меросимиз намуналари сифатида доимий ўрганиб бориш лозимлиги юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА