Турк султони Қўқон хонига совға қилган ноёб қилич қаерда?
Маълумки, ташқи сиёсатда дипломатик муносабатлар катта аҳамият касб этади. Қўқон хонлиги даврида ҳам бир қанча мамлакатлар билан элчилик муносабатлари йўлга қўйилган.
Маълумки, ташқи сиёсатда дипломатик муносабатлар катта аҳамият касб этади. Қўқон хонлиги даврида ҳам бир қанча мамлакатлар билан элчилик муносабатлари йўлга қўйилган.
Дипломатия санъати айниқса, Муҳаммад Алихон даврида (1822 – 1842 й.й) ўзининг юқори чўққисига чиқди: Россия, Хитой, Афғонистон, Хива хонлиги, Бухоро амирлиги ва бошқа мамлакатлар билан элчилик алоқалари йўлга қўйилди. XIX асрда ҳам жаҳондаги энг йирик мусулмон давлати Усмонли Турк султонлиги эди. Тарих саҳифаларидан маълумки, Турк султонлари бир вақтлар араб халифалигини тугатиб, халифалик мақомини ўз зиммаларига олган эдилар. Шу туфайли бошқа кўпгина мусулмон мамлакатлари Туркия билан яқинлашиб, унинг паноҳида бўлишга ҳаракат қилар эдилар. Шу жумладан, Муҳаммад Алихон ҳам бу йирик мамлакат билан дипломатик алоқа ўрнатиб, тез – тез элчилар юбориб турар эдилар. Исломбулга (Истанбул шаҳри номи Ўрта Осиё хонликларида шу тариқа қаламга олинар эди) навбатдаги элчилик 1831 йилда жўнаб кетди. Илгари Исломбулга йўл Бухоро амирлиги орқали ўтар эди. Бу сафар элчилар Хива хонлиги орқали юрдилар. Элчилик ҳайъати таркиби элчи Абдурраҳмон Шарбатдор, элчи муовини Домулло Эрназар Охунд, эллик нафарга яқин турли даражадаги мансабдор ва хизматчилардан иборат эди. Элчилик ўз вазифасини ўтаб бўлгач, қайтар чоғида Турк султони таомилга кўра Қўқон хони учун совғалар берди. Совғалар ичида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо салаллоҳи алайҳи васалламнинг икки дона тирноқлари ва бир дона муборак мўйлари ҳамда ниҳоятда ноёб, Дамашқ пўлатидан санъаткорона ишланган, сопига ва қинига жавоҳирлар қадалган гўзал қилич ҳам бор эди. Элчилар йўл юриб, Эроннинг Исфаҳон шаҳрига етиб келганларида вабо тарқалди. Элчилик ҳайъати ходимларидан бир қанчаси, шу жумладан элчи Абдурраҳмон Шарбатдор ҳам вабо қурбони бўлди. Жаноза ўқилиб, маййитлар дафн этилгач, Домулло Эрназар Охунд элчилик ҳайъати раҳбарлигини ўз зиммаларига олдилар ҳамда соғ қолган кишилардан катта қисмини, Турк султонининг ёрлиғи ва Қўқон хонига номаси, совға – саломларни олиб йўлга тушдилар.
Абдурраҳмон Шарбатдорнинг ўғиллари эса дафн билан боғлиқ расмиятларни адо этиш учун беш – олти навкарлари билан уч – тўрт кунга ушланиб қолди. Совға қилинган қилич ҳам шу кишининг қўлларида эди. Элчининг ўғли Хўқандга тезроқ етиб бориш учун йўлни қисқартириб, Хива орқали эмас, Бухоро орқали юрди. Воқеанинг бу ёғини рус шарқшуноси ва дипломати, ўша йиллари Бухорога сафар қилган П.И. Демезоннинг “Записки о Бухарском ханстве (Бухоро хонлиги хотиралари)” асаридан ўқиймиз: “... Унинг (элчининг) ўғли ва беш – олти нафар ҳамроҳлари 31 январда Бухорога етиб келиб, Исмоил Хожа карвонсаройига ўрнашдилар. Улар Султон томонидан Қўқон хонига туҳфа қилинган бебаҳо қилични ҳам ўзлари билан олиб келган эдилар.” Айнан шу қилич катта можарога, сал бўлмаса Бухоро билан Қўқон ўртасида янги уруш келиб чиқишига сабабчи бўлиб қолаёзди. Ўз воқеанавислари орқали мазкур қиличдан хабар топган амир Насрулло уни кўриш истагини билдирди ва бир амалдорни карвонсаройга, элчининг ўғлига махсус чопар сифатида юбориб қилични бериб юборишни буюрди. Элчининг ўғли бунга жавобан шундай деди:
– Амир ҳазратлари мендан бажариб бўлмас ишни сўрамоқдалар, илло, қилич халифанинг шахсий муҳрлари билан тамғаланган ғилофда сақланмоқда. Бу тамғани фақат Аллоҳ, халифа ёки Қўқон хонигина бузишлари мумкин. Тамғанинг бутунлигига ўз ҳукмдорим олдида бошим билан жавоб бераман”.
Йигитнинг рад жавобидан ва буйруғи амалга ошмаганидан ғазабланган амир яна одам юбориб, қилични юбормаса оқибати ёмон бўлишини таҳдид билан эълон қилди. Элчининг ўғли бу сафар ҳам ўзини йўқотмай, матонат, қатъият ва вазминлик билан шундай жавоб қайтарди:
– Агар амир ҳазратлари ҳақиқатда ҳам бизга зўрлик ишлатишни ҳамда халифа ҳазратлари ва Хўқанд хонини таҳқирлашни астойдил ният қилган бўлсалар, қилични биздан куч ишлатибгина, мен ва ҳамроҳларим жангда ҳалок бўлганимиздагина олишлари мумкин. Мен тирик эканман, бу қилични фақат ўз ҳукмдорим қўлигагина топширишим мумкин.
Бундай қатъиятли, кескир, ўзи учун таҳқир деб ҳисоблаган рад жавобидан ғазаби тўлиб – тошган амир йигит ва унинг ҳамроҳларини келган йўлларидан ҳайдаб юборишни амр қилди. Бу буйруқ Қўқон хонини очиқдан – очиқ таҳқирлаш ва уруш эълон қилиш билан баробар эди.
Амирнинг ҳушёр ва доно қушбегиси (Бухорода қушбеги бош вазир ҳисобланган) бўлмаганда икки мамлакат ўртасида янги уруш келиб чиқиши муқаррар эди. Қушбеги бу уруш Бухорога катта кулфатлар ёғдириши муқаррарлигини бир амаллаб тушунтира олгандан сўнггина амир ўз қарорини бекор қилишга зўр – базўр рози бўлди. Таассуфки, маҳаллий муаррихларимизнинг асарларида ҳам, архивлар ҳужжатларида ҳам, ушбу мақолани ёзишда биз фойдаланган асарлар: П. И. Демезоннинг юқорида номи келтирилган асари ва И.В. Зайцевнинг ”Кокандец в Стамбуле (Қўқонлик Истанбулда)” мақоласида ҳам мазкур мард, довюрак, қатъиятли, на фақат Қўқон хони Муҳаммад Алихон обрўсини, балки, Қўқон давлатчилиги шаънини ҳимоя қилган қаҳрамоннинг исми ёзилмай қолган. Мозий сардафтаридан бу воқеани ўқиганимиздан сўнг мазкур қилич тақдири бўйича астойдил изланишлар олиб бордик, Санкт-Петербург, Оренбург, Тошкент, Самарқанд, Бухоро музейлари каталогларини кўриб чиқдик, осори атиқа сақловчилардан суриштирдик, бироқ, унинг дарагини топа олмадик.
Маълумки, 1842 йилда бўлиб ўтган Бухоро – Хўқанд урушида Насруллохон Хўқандни босиб олишга муваффақ бўлган ҳамда хазинани ўлжа олган. Ундан кейин ҳам ҳокимият учун кураш асносида хазина яна бир неча бор талон – тарож бўлган. Шу туфайли мазкур қилич қаерда эканлигини аниқлаш имкони бўлмади. Балким у қайси бир чет эллик осори – атиқа ишқибози уйи деворидаги гиламни безатиб тургандир.
Яҳёхон ДАДАБОЕВ,
Қўқон тарихи ва маданияти давлат музейи илмий ходими