Турк дунёси мулоқоти: умумий келажак, ягона қараш
Бугун Тошкентда Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги мулоқотини ривожлантириш, қардош мамлакатлар умумий қарашини шакллантиришга қаратилган "Турк дунёси мулоқоти: умумий келажак, ягона ёндашув" туркумининг учинчи тадбири бўлиб ўтади.
Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси томонидан Анқарада ўтказилиши режалаштирилган ТДТ 13-Давлат ва ҳукумат раҳбарлари саммити арафасида ташкил этилаётган бундай тадбирлар барча аъзо ва кузатувчи мамлакатларда ўтказилмоқда.
Бу галги йиғилиш муҳокама ва матбуот анжуманидан иборат. Кун тартибида ТДТнинг минтақавий ва дунё миқёсидаги нуфузини ошириш, умумий қарашни жамоатчиликка етказиш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги академик, маданий ва ижтимоий алоқани мустаҳкамлаш масалалари белгиланган.
Маълумки, дастлабки тадбир Қозоғистон пойтахти Остонада, иккинчиси 15 сентябрь куни Озарбайжон пойтахти Бокуда ўтказилди.
Тошкент анжумани учинчи босқич, навбатдаги мулоқот манзили сифатида доимий вакиллар қатори академик доиралар ва халқаро муносабатлар соҳаси мутахассисларини ҳам тўплайди.
Нодира Қаюмова, ЎзА