Бир мактаб, бир касб, ўн тўрт йиллик йўл
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилояти Узун туманилик география фани ўқитувчиси Иномжон Примовнинг касбий йўли ҳудуддаги 70-умумтаълим мактаби билан боғлиқ. У олий таълимни тамомлагач, илк меҳнат фаолиятини айнан шу мактабда бошлаган. Бугун эса 14 йиллик меҳнати самараси – “Йил ўқитувчиси” сифатида эътироф этилди.
Иномжон Примов шифокорлар оиласида вояга етган. Ота-онаси, ака-укалари ва опа-сингилларининг аксарияти тиббиёт соҳасини танлаган бўлса-да, унинг болаликдаги қизиқиши бутунлай бошқа йўналишда эди. Дунё, табиат, турли мамлакатлар ва географик кашфиётларга бўлган қизиқиш уни аввало география фанига, кейинчалик эса ўқитувчилик касбига етаклади.
Илк меҳнат фаолиятини бошлаган 70-мактабда ҳозирга қадар география фанидан ўқитувчиларга сабоқ бериб келади.
Бир қарашда 14 йил – шунчаки вақт ўлчови. Аммо устоз учун бу йиллар юзлаб тақдирлар, минглаб дарслар ва беқиёс меҳнат билан ўлчанади.
[gallery-31681]
Устознинг қарийб юз нафар шогирди география йўналишидаги олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Айримлари эса бугун ўз устози изидан бориб, педагог сифатида фаолият юритмоқда.
– Мен учун шогирдларимнинг ҳар бир ютуғи энг катта мукофот, - дейди Иномжон Примов. – Уларнинг орасидан ўқитувчилар етишиб чиқаётгани эса касбимнинг давомийлигини ҳис қилдиради.
Педагог дарс жараёнида замонавий ва инновацион методлардан фойдаланишга, ўқувчиларнинг географияга бўлган қизиқишини оширишга алоҳида эътибор қаратади. Унинг фикрича, ҳар бир боланинг ўз қобилияти бор. Педагогнинг вазифаси эса шу қобилиятни вақтида илғаш, уни ривожлантириш ва ўқувчини ўз имкониятларига ишонтиришдан иборат.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА