Туризм: туманлараро бўлинма фаолият бошлади
Бухоро вилоятининг Ғиждувон, Вобкент ва Шофиркон туманларида туристик муҳитни яхшилаш, сайёҳлик салоҳиятини ошириш ҳамда бу борада мавжуд инфратузилмани ривожлантириш, маршрут йўналишларини кенгайтириш мақсадида ҳудудда туманлараро бўлинма фаолияти йўлга қўйилди. Ғиждувон тумани, “Қўрғон” туризм маҳалласида туманлараро бўлинманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда республика Туризм қўмитаси масъул ходими Шавкат Шарипов, “Туризм хизматларини сертификатлаштириш маркази” ДУК мутахассиси Суҳроб Файзиев, Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Суҳроб Бобокалонов ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Сўнгги йилларда вилоятда сайёҳлик соҳаси ривожланаётгани, хусусан, қадим Бухорога келаётган хорижий сайёҳлар сони йил сайин ортиб бораётгани натижасида ҳудудда туризм инфратузилмаси шаклланди. Туризм қишлоғи ва этно маҳаллалар пайдо бўлаётгани мазкур туманлараро бўлим фаолиятига эҳтиёжни оширди.

Биргина Ғиждувон тумани азалдан савдогар тижоратчилар манзили бўлгани боис, туман марказидаги Қўрғон маҳалласида ҳам бугунга келиб юздан ортиқ нонвой, қандолатчи-ҳолвапазлар, қассоблар, ҳунармандлар, савдогар тижоратчилар истиқомат қилади. Хожа Aбдухолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳи билан уйғунликда қадимий “Ғиждувон Қўрғони”ни қайта тиклаш орқали Бухоронинг бир қисми сифатида очиқ осмон остидаги музей барпо қилишга киришилган.
Пудратчи “DJ Progect building” томонидан қадимий “Ғиждувон қўрғони”нинг дастлабки лойиҳаси ишлаб чиқилган. Халқаро экспертлар ҳамда Ўзбекистондаги Марказий Осиё халқаро тадқиқотлар институти бошчилигида XIX асрга оид “Бозори қаймоқ”, “Болойи қассобон”, “Бобораҳимбой” масжидлари ва XVI асрга оид “Эски тош ҳаммом” каби қадимий иншоотлардаги қайта таъмирлаш ва тиклаш ишлари якунланиб, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар учун барча шароитлар яратилган.

Шунингдек, Шофиркон туманида кўп минг йиллик иншоотлар қаторида тарихий аҳамиятга эга “Вардонзе” қўрғони, “Етти Пир” силсиласига мансуб авлиёлардан Хожа Ориф Ар-Ревгарий, Вобкент туманидаги Хожа Анжир Фағнавий зиёратгоҳи ва бошқа қадамжолар, “Ширин” этнотуристик қишлоғи сайёҳлар қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Тадбирда “Қўрғон” маҳалласи иқтидорли ёшларининг қўл меҳнати намуналари, маҳалла ҳунармандлари, жумладан, Ғиждувон кулчаси, ҳолва-ширинликлари, миллий таомлари, кулолчилик буюмлари намойишлари ҳамда фольклор жамоаси чиқишлари иштирокчиларга хуш кайфият бағишлади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири