Туризм соҳасининг “катта маълумотлар” платформаси яратилади
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев Хитой туризм академияси раҳбари Лин Чжун хоним билан учрашди.
Томонлар ҳамкорликнинг истиқболларини муҳокама қилди. Қўмитанинг хабар беришича, ўзбекистонлик меҳмонлар Академияда ишлаб чиқилган “Tourism Big Data Platform” тизими фаолияти билан яқиндан танишди. Тизим соҳага тегишли бўлган 300 дан ортиқ кўрсаткичлар ва 140 индексларни онлайн мониторинг қилиш имконини беради. Платформа 2017 йилда “Ctrip” сайёҳлик агентлиги билан ҳамкорликда Академия ҳузурида ташкил этилган “катта маълумотлар” лабораторияси томонидан ишлаб чиқилди. У туризмни ривожлантиришда макро ва микромаълумотлар, бозор тажрибаси ва касбий билимлардан фойдаланишга қаратилган.
Учрашувда шунингдек, Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш платформа яратиш масаласи кўриб чиқилди. Бу борада маҳаллий туризм саноати ҳолатини баҳолаш мақсадида тизим имкониятларини синаб кўриш таклиф этилди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА.