Туризм соҳасида хотин-қизлар иштироки
Бўстонлиқ туманида “Миграциядан қайтган хотин-қизларни туризм соҳасига жалб қилиш орқали иқтисодий реинтеграцияни таъминлаш ва уларни туризм соҳасига жалб қилиш” бўйича ўқув-семинар бўлиб ўтмоқда.
Унда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси масъуллари, Туризм қўмитаси раиси ўринбосари Сардор Ниязов, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) лойиҳалари координатори Антти Карттунен, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Нилуфар Нормирзаева, туризм соҳаси мутахассислари, тадбиркор аёллар қатнашди.

Тадбирда асосий эътибор туризм соҳасига инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ушбу соҳада хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилди. Мутахассислар томонидан кун тартибига киритилган тақдимотларда бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда туризм соҳаси йил сайин янги босқичга кўтарилиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар сонини ошириш, жойларда кўрсатилаётган хизматларни аҳолига янада яқинлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, Тошкент вилояти ҳудудларини ҳам сайёҳларга кўпроқ таништириш, уларга қулай шароит яратиш, мазкур соҳада тадбиркорликни янада ривожлантириш борасидаги ишлар ўз самарасини бермоқда.

Семинар давомида туризм соҳасида бизнес қилиш учун сертификат олиш тартиби ҳақида айтилди. Жойларда меҳмонхона, ҳостел, меҳмон уйлари, кемпинг уйларини ташкил этиш ва самарали иш юритиш борасида амалдаги тажрибалардан мисоллар келтирилди. Шунингдек, хорижлик сайёҳларга хизмат кўрсатиш, бунинг учун малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.

Таҳлилларга кўра, 2021 йилда мамлакатимиз бўйича гидлар сони 2 минг 309 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йил январь ҳолатига келиб бу кўрсаткич 3 минг 420 нафарга етди. Бу эса сўнгги 4 йил ичида гидлар сонининг 48 фоизга ошганини кўрсатади. Уларнинг кўпи Самарқанд, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда. Бу эса ушбу ҳудудларнинг туристик салоҳияти юқори бўлаётганидан далолат беради.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан жаҳон туризм индустриясида хотин-қизлар роли ортиб бориш тенденцияси яққол намоён бўлаётгани ҳам маълум қилинди. Бугунги кунда туризм соҳасида ишлаётган кадрларнинг жаҳон бўйича тахминан 54 фоизини айнан хотин-қизлар ташкил этади. Бу умумий иқтисодиётдаги аёллар улушидан юқори кўрсаткичдир.

Хорижда меҳнат қилиб, мамлакатимизга қайтган аёллар орасида рус, турк, корейс ва бошқа тилларни ўрганганлари кўп. Энди улар ушбу маҳоратини туризмда қўллаб, иқтисодий мустақилликка эришиши мумкин. Семинарда бу борада фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди ҳамда жойлардаги мавжуд имкониятлар ва улардан унумли фойдаланиш ҳақида ҳам сўз юритилди.

Ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришда экологик ҳамда гастрономик туризм турлари салоҳияти бўйича ахборот берилди. Семинар яна икки кун давом этади ва унда туризмнинг бошқа тармоқларида аёллар бандлигини таъминлаш масалалари ўрганилади.
А.Мусаев, ЎзА.