Туризм ривожидаги музокаралар
Андижонда Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғиз Республикаларининг 40 дан ортиқ туристик ташкилотлари вакиллари иштирокида учрашув ҳамда B2B шаклда музокаралар бўлиб ўтди.
Андижон вилояти туризм бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Андижонда туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
– Ўтган 2025 йилда вилоятга жалб этилган хорижий туристлар сони 459 минг 500 нафарни ташкил этиб, туризм хизматлари экспорти 135 миллион долларга етказилган. Жорий йилда эса вилоятга ташриф буюрадиган хорижий туристлар сонини 470 минг нафарга, маҳаллий туристлар сонини 1 миллион 800 минг нафарга, туризм хизматлари экспорти ҳажмини 140 миллион АҚШ долларга етказиш кўзда тутилган. Ҳозирда бу борадаги ишлар режа асосида олиб борилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг январь-март ойларида вилоятга ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 82 минг 700 нафарни, маҳаллий сайёҳлар эса 223 минг 200 нафарни ташкил этиб, туризм хизматлари экспорти 30 миллион 730 минг АҚШ долларга етказилди, – дейди Андижон вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Жаҳонгир Шамсутдинов.


Учрашувда вилоятнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, Андижон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, янги туристик йўналишлар ташкил этиш, сайёҳлар алмашинувини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳмонлар Андижон вилоятининг диққатга сазовор масканлари – Андижон шаҳридаги Жоме меъморий мажмуаси, Марказий деҳқон бозори, Андижон шаҳридаги 24/7 режимида фаолият юритаётган кўчалар ҳамда қатор туристик объектларда ҳам бўлишди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари