Туркия делегацияси Самарқанд зиёратида
Туркия Республикаси Буюк Миллат Мажлиси хавфсизлик ва разведка комиссияси раиси Вейсал Типиўғлу бошчилигидаги делегация бугун Самарқандга ташриф буюрди.
Делегация Самарқанд билан танишувни Имом Бухорий мажмуасидан бошлади.
Ислом оламининг буюк муҳаддиси мангу қўним топган маскан зиёрати туркиялик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
[gallery-29882]
- Бугун ота юртимиз Ўзбекистонда, ислом оламининг энг буюк алломаларидан бири бўлмиш Имом Бухорийнинг маънавий ҳузурида бўлиб турганимиздан катта бахтиёрлик ҳис этяпмиз, - деди Вейсал Типиўғлу. - Имом Бухорий зиёратгоҳи нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон олами талпинадиган муборак масканга айланди. Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар шунчаки дипломатик алоқа эмас, балки қардошлик риштасидир. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларнинг бундай даражага келишида давлат раҳбарларининг сиёсий иродалари муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугун ушбу муқаддас мажмуани кўриб, қардошларимизга чуқур миннатдорлик билдирамиз. Ва бу муборак маскандан, ушбу маънавий мақомдан туриб халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталари бардавом бўлишини тилайман.
Ташриф давомида меҳмонлар Амир Темур мақбараси, Регистон майдони ва Шоҳи Зинда ёдгорлик мажмуаларида бўлиб, бетакрор тарихий обидаларнинг барпо этилиши, уларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақидаги муҳим маълумотларга эга бўлди.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари