Туризм Жиззахнинг асосий драйверига айланмоқда
Жиззахда вилоят ҳокими ўринбосари, туризм ва маданий мерос бош бошқармаси бошлиғи Синдор Раҳмонқулов иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда “Жиззах вилояти туризм ва маданий мерос бош бошқармаси томонидан йил якуни бўйича амалга оширилган ишлар” юзасидан маълумотлар берилди.
Жиззах вилояти географик жойлашувига кўра тоғлар, қир-адирлар, кўл ва бой туризм салоҳиятига эга, туристларни жалб қила олиш учун кенг имконияти мавжуд бўлган ҳудуд ҳисобланиб, туризм – вилоят иқтисодиётининг асосий драйверларидан бирига айланиб боряпти.

Амалга оширилган ишлар натижасида, 2022 йил давомида Жиззах вилоятига ташриф буюрган сайёҳлар 2 миллион 102 минг 617 нафардан ортди. Ҳудудга хорижий ва маҳаллий сайёҳларни янада кўпроқ жалб қилиш мақсадида “Асал сайли”, “Зомин ултра” марафони, “Адлия сайли”, “Қадриятлар қадрланган юрт” шиорлари остида туристик фестиваль каби маънавий-маърифий тадбирлар, кўнгилочар концерт дастурлари ташкил этилди.

Жумладан, “Ички ва зиёрат туризми” ярмаркаси, “Жиззах туризм ярмаркаси” ва унинг доирасида махсус санъат кўргазмаси ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этди.

Вилоятда туризм салоҳияти юқори бўлган ҳудудларда оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш бўйича тарғибот, ташвиқот ишлари амалга ошириляпти. Натижада, вилоятда шу йил давомида 681 ўринга мўлжалланган 171 та хонадан иборат 19 та кемпинг, 928 сиғимга эга 469 та хонадан ташкил топган 7 та меҳмонхона, 290 ўрин учун мўлжалланган 103 та хонадан иборат 32 та оилавий меҳмон уйи, 204 ўринга мўлжалланган 78 хонадан ташкил топган 9 та ҳостел ташкил этилди.
Матбуот анжумани якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА