Дўнгқишлоқ – ислоҳотлар, бунёдкорлик ва юксалаётган ёшлар маскани
Халқимизда «Обод маҳалла – обод Ватан» деган ҳикмат бор. Дарҳақиқат, юрт тараққиётини тасаввур этиш учун, аввало, маҳаллалар ҳаётига назар ташлаш кифоя. Бугун Андижон вилояти Пахтаобод туманидаги Дўнгқишлоқ маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ташаббуслар ва ёшларнинг ютуқлари бу фикрнинг ҳаётий ифодасидир.
Маҳалла тараққиёти – ислоҳотлар самараси
Дўнгқишлоқ маҳалласида бугун 2 минг 565 нафар аҳоли, 719 та оила истиқомат қилади. Маҳалла ҳаётида қишлоқ хўжалиги муҳим ўрин тутади. Аҳоли томорқалар ва иссиқхоналардан самарали фойдаланиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда бозорларга етказиб бериш орқали оилавий даромадларини ошириб келмоқда.
Бироқ, бугунги маҳалла ҳаётини фақат деҳқончилик ёки иссиқхоначилик билан изоҳлаб бўлмайди. Зеро, замонавий маҳалла бу аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиладиган, тадбиркорлик қўллаб-қувватланадиган, ёшлар билим ва касб эгаллайдиган, ижтимоий муаммоларга ечим изланадиган яхлит тизимдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги ПФ-22-сон фармони билан тасдиқланган «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш» йилида устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ҳамда «Ўзбекистон-2030» стратегиясини амалга ошириш бўйича давлат дастурида маҳаллаларда иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Йўллар равон, хонадонлар обод

Дўнгқишлоқ маҳалласидаги сўнгги йиллардаги ўзгаришлар ҳақида сўз борганда, биринчи навбатда, инфратузилмани яхшилаш борасида амалга оширилган ишларни таъкидлаш лозим.
- Маҳаллада Анжирзор, Шодлик, Самовий ва Тегирмонбоши номли тўртта ички кўча мавжуд. Жаҳон банки лойиҳаси доирасида Анжирзор кўчасининг 1,9 километри ва Самовий кўчасининг 3,4 километрида асфальтлаш ишлари бажарилди. Натижада ички йўлларнинг жами 5,3 километрида йўл инфратузилмаси яхшиланди – дейди маҳалла раиси Зубайдахон Тоирова.
Маҳаллада электр таъминотини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 145 та бетон таянч ўрнатилиб, 5,5 километр замонавий ўзини ўзи кўтарувчи изоляцияланган (СИП) кабель тармоғи тортилди. Бу ишлар электр энергиясини етказиб бериш инфратузилмасини янгилашга қаратилган.
Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва иссиқхоначилик ривожланган ҳудудларда электр таъминотининг барқарорлиги муҳим аҳамиятга эга. Чунки ишлаб чиқариш жараёнлари, сув насослари ва бошқа ускуналарнинг самарали ишлаши кўп жиҳатдан энергия таъминотига боғлиқ.
Маҳалладаги яна бир муҳим ўзгариш аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида амалга оширилган ишлардир. Бугун Дўнгқишлоқнинг барча аҳолиси ичимлик суви билан таъминланган, хонадонларга сув ҳисоблагичлари ўрнатилган.
Инфратузилмани яхшилашга қаратилган ишлар доирасида маҳалла ҳудудидаги 13-сонли умумий ўрта таълим мактабини таъмирлаш учун 6 миллиард сўм маблағ ажратилган ва таълим муассасаси замонавий таъмирдан чиқарилган.
Даромадли меҳнат – фаровон ҳаёт асоси

Маҳалланинг иқтисодий тараққиётини таъминлашда аҳоли бандлигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва оилавий даромад манбаларини кўпайтириш алоҳида ўрин тутади.
Маҳалланинг ҳоким ёрдамчиси Бахтиёржон Раҳимовга кўра, 2026 йил бошидан буён тадбиркорлик қилиш истагидаги аҳоли вакилларига жами 800 миллион сўм кредит маблағлари ажратилган. Бу маблағлар орқали аҳолининг даромадини ошириш ва мустақил даромад манбаларини шакллантиришга кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда.
Маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича ҳам тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўзида 20 нафардан зиёд фуқаро касб-ҳунарга ўқитилган.
Ёшларга яратилган имконият – келажакка киритилган сармоя
Дўнгқишлоқ маҳалласида 14–30 ёшли 655 нафар йигит-қиз истиқомат қилади. Бу маҳалла келажаги, унинг иқтисодий ва маънавий салоҳиятини белгилайдиган катта куч.
Ёшларнинг сифатли таълим олиши, хорижий тилларни ўрганиши, замонавий касбларни эгаллаши ва ўз иқтидорини намоён қилиши учун шароит яратиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан биридир.
Ёшлар етакчиси Элмурод Акбаровнинг таъкидлашича, тил сертификатини қўлга киритаётган ёшлар сони ортиб, ёшлар олий таълим муассасаларига киришда қўшимча имкониятларга эга бўлмоқда.
Хорижий тилларни билиш ёшларга нафақат таълим олиш, балки халқаро ахборот манбаларидан фойдаланиш, замонавий билимларни ўзлаштириш ва келажакда муносиб касб эгаси бўлиш имконини беради. Шу боис тил ўрганишга бўлган қизиқишни рағбатлантириш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг натижаларини оммалаштириш муҳим.
Ахборот технологиялари соҳасига қизиқишни ошириш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари туман марказидаги IT марказида бепул билим ва кўникмаларни эгаллаш имкониятига эга.
Бу каби ташаббуслар рақамли иқтисодиёт шароитида ёшларнинг янги имкониятлардан фойдаланиши учун замин яратади.
Дўнгқишлоқ – спортчилар маҳалласи
Маҳалланинг яна бир эътиборга молик жиҳати спортга бўлган қизиқиш ва ёш спортчиларнинг эришган ютуқларидир.
Дўнгқишлоқни спортчилар маҳалласи, деб аташ мумкин. Бу ерда стол тенниси ва белбоғли кураш каби спорт турлари ривожланган. Маҳалла ёшларининг республика ва халқаро мусобақалардаги натижалари уларнинг истеъдоди, меҳнати ва мунтазам машғулотлари самарасини кўрсатади.
Малоҳатой Давронова, Қутбиддин Тешабоев, Элмурод Холиқов, Гулнорахон Акбарова, Умиджон Зокиров, Дилоромхон ва Одинахон Арслоновалар стол тенниси бўйича бир неча бор Ўзбекистон ҳамда халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган.
Белбоғли кураш йўналишида эса Ёқубжонов Илёсбек, Билолиддинов Ҳумоюнмирзо, Билолиддинов Бобурмирзо ва Муҳаммадалиев Муҳаммадюсуф каби ёшлар ўз тенгдошлари орасида юқори натижаларга эришиб, Ўзбекистон чемпионлиги ва жаҳон чемпионлиги каби юксак марраларни забт этишган.
Бу ғалабалар фақат спортчиларнинг шахсий муваффақияти эмас. Улар ота-оналар, устоз-мураббийлар ва бутун маҳалла учун ҳам фахр манбаидир. Энг муҳими, бундай натижалар ёш авлодга мақсад сари интилиш, интизомли бўлиш ва қийинчиликлардан чекинмаслик намунасини кўрсатади.
«Мард ўғлон» - маҳалла учун тарихий эътироф

Дўнгқишлоқ маҳалласи ҳаётида 2026 йилнинг 30 июни алоҳида аҳамиятга эга воқеа билан ёдда қолди. Шу куни маҳаллада истиқомат қилувчи, Андижон давлат техника институти докторанти Ойбек Тешабоев Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлди. У Дўнгқишлоқ маҳалласидан мазкур давлат мукофотини олган илк ёш ҳисобланади.
Бу эътирофни фақат бир инсоннинг ютуғи сифатида баҳолаш тўғри бўлмайди. Унинг замирида ёшларга яратилаётган имкониятлар, илм олишга интилиш, ўз устида ишлаш ва жамиятга наф келтиришга қаратилган мақсадлар мужассам.
Докторантнинг давлат мукофотига муносиб кўрилгани маҳалладаги бошқа ёшлар учун ҳам ибратли воқеадир. Бу каби натижалар ёшларга катта мақсадлар қўйиш, илм-фан билан шуғулланиш ва ўз қобилиятини юксак даражада намоён этиш мумкинлигини кўрсатади.
Обод маҳалла юксалаётган жамият тимсоли
Бугун Дўнгқишлоқ маҳалласида амалга оширилаётган ишлар бир ҳақиқатни намоён этмоқда: тараққиёт фақат йирик лойиҳалар ёки катта шаҳарлардаги ўзгаришлар билан чекланмайди. У, энг аввало, ҳар бир хонадондаги фаровонлик, ҳар бир инсон учун яратилаётган имконият ва ҳар бир ёшнинг келажакка ишончида намоён бўлади.
Дўнгқишлоқнинг бугунги қиёфаси ва ёшларининг ютуқлари келажакка ишонч билан қарашга асос беради. Олдинда эса янги вазифалар, янги ташаббуслар ва юксак мақсадлар турибди.
Зеро, маҳалла ободлиги Ватан ободлиги, инсон қадрини улуғлаш эса тараққиётнинг энг муҳим мезонидир. Дўнгқишлоқнинг ривожланиш йўли ҳам ана шу эзгу мақсад одамлар фаровонлиги ва жамият юксалишига хизмат қилади.
Ойбону Тўхтасинова,
ЎзА