Туну кун фаолият юритадиган сайилгоҳларда "китоб кўчаси" фаолияти йўлга қўйилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тошкент шаҳрини 2026-2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳрида 2030 йилга қадар гастрономик ва туризм, сояли сайр ва туну кун ишлайдиган кўчаларни ташкил этишнинг асосий кўрсаткичлари тасдиқланди.
Тошкент шаҳрида 2026 йилда аҳоли гавжум, гастрономик, туризм ҳамда соҳил бўйидаги кўчаларда лойиҳаларни амалга оширишга 2026 йилда 175 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Шаҳар марказий ва туризм кўчалари, хиёбонлар, пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюрадиган объектлар атрофида замонавий лойиҳалар асосида 2026 йилда 100 та санитария-гигиена шохобчаси соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ташкил этилади.
Санитария-гигиена шохобчаларини жойлаштириш учун ер участкалари Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ишлаб чиқиладиган лойиҳалар асосида соддалаштирилган тартибда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилади.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан электрон онлайн аукцион савдоларида ғолиб бўлган тадбиркорлик субъектлари қурадиган янги санитария-гигиена шохобчалари марказлашган ичимлик ва оқова сув тармоқларига белгиланган тартибда улаб берилади.
Ҳар ойда сайёҳларни жалб қилиш мумкин бўлган камида 30 та объект тўғрисидаги маълумот, расм ва видеолар халқаро хариталарга киритиб борилиши йўлга қўйилади.
Тошкент шаҳрининг онлайн харитасига шаҳар инфратузилмаси, қурилиш, ижтимоий ҳамда бошқа объектларга оид маълумотлар шакллантирилиб, 3D шаклида жойлаштириш мақсадида мобил хариталаш (mapping) ва лазерли сканерлаш мажмуаси билан жиҳозланган махсус автомобиль ва SLAM асосидаги 3D сканерлаш қурилмалари "таклиф сўрови" орқали харид қилишга рухсат берилади.
Шунингдек, Олмазор туманида жойлашган Ёшлар маркази биносида ёшларнинг истиқболли стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш, китобхонлик маданиятини ривожлантириш йўналишларида Ёшлар креатив парки ташкил этилади.
Ёшлар креатив паркида ишлаб чиқилган лойиҳалар ва ташаббусларга IT-парк ҳамда креатив паркларга берилган имтиёз ва преференциялар қўлланилади.
"Тошкент китоб тижорат" уюшмасига аъзо бўлган китоблар савдосини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларига аҳоли гавжум жойларда, бозорларда, йирик савдо марказларида, шоҳ кўчаларда енгил конструкцияли китоб дўконлари ўрнатилади, "Book саfе"лар ташкил қилинади, пойтахтда барпо этилаётган 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритадиган сайилгоҳларда "китоб кўчаси" фаолиятини йўлга қўйишга рухсат берилади.
Майдони 5 минг метр квадратдан ортиқ савдо марказларида китоб дўконларини ташкил этишнинг мажбурий тартиби жорий қилинади.
ЎзА