Тошкент – жаҳон киноси мулоқот майдонига айланди
Тошкент кино санъати ижодкорлари, продюсерлар, актёрлар, режиссёрлар ва халқаро медиа вакиллари йиғилган мулоқот майдонига айланди. Пойтахтда 23–24 октябрь кунлари ўтаётган кино тадбирлари нафақат санъат намояндаларини бирлаштирмоқда, балки миллий кино мероси, ижодий анъаналар ва халқаро ҳамкорлик ҳақидаги муҳим учрашувларга ҳам йўл очмоқда.
Бу учрашувларнинг ўзига хос жиҳати шундаки, улар замирида кинонинг энг муҳим қадриятларидан бири – инсонни англаш, унинг дарду қувончларини тасвирлаш ва турли маданиятларни бир-бирига яқинлаштириш ғояси мужассам.
23 октябрь куни Ўзбекистон Халқаро форумлар саройида тадбирларнинг биринчи куни доирасида «Чаплин» мукофотига бағишланган маросим ва “The Hollywood Reporter” нашри иштирокидаги дастурлар бўлиб ўтди. Афсонавий актёр Чарли Чаплиннинг набираси Киара Чаплиннинг Тошкентга ташрифи эса учрашувларга алоҳида мазмун бағишлади.
Мазкур халқаро маданий лойиҳа доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, актриса, модель ва тадбиркор Киара Чаплин ҳамда кино санъати вакиллари иштирок этди. Учрашувда кинонинг жамият ҳаётидаги ўрни, ижодий меросни асраб-авайлаш, миллий кино мактабларини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва маданий ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
[gallery-32140]
Чарли Чаплин ижодини дунёга машҳур қилган жиҳат фақат унинг ноёб актёрлик маҳорати эмас. Унинг фильмларида сўзсиз ҳам англашиладиган инсонпарварлик, меҳр-оқибат, адолат ва одамийлик ғоялари бор. Шу боис унинг номи билан боғлиқ мукофотнинг Тошкентда топширилиши кино санъатининг умуминсоний қадриятларини яна бир бор ёдга солади.
– Ўзбекистонга келиш мен учун катта шараф, – деди Киара Чаплин. – Ўзбекистон бой тарих, бетакрор маданият, санъат ва гўзал анъаналарга эга мамлакат. Унинг кинематография соҳасида ҳам ўз мактаби ва анъаналари бор. Ўзбек ижодкорлари фильмларида инсон қадри муҳим ўрин тутади. Бобом Чарли Чаплиннинг фильмлари овозсиз бўлса-да, уларда инсонпарварлик, самимият ва муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш каби ғоялар мужассам. Шу маънода, унинг номидаги мукофот Ўзбекистонда топширилишида ҳам чуқур маъно бор.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бундай халқаро тадбирлар турли мамлакатлар ва ижод мактаблари ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим имконият сифатида баҳолади.
– Кинематографияга оид бу тадбир турли мамлакатлар, ижод мактаблари ва санъат аҳлини ягона мулоқот майдони атрофида бирлаштиргани билан диққатга сазовор, – деди Озодбек Назарбеков. – Тарихдан маълумки, Буюк ипак йўли нафақат савдо-сотиқ, балки маданий-маърифий алоқалар, илм-фан, санъат ва маданият намуналарини тарқатиш, ижодий мулоқотни кучайтиришга ҳам хизмат қилган. Бугунги тадбирлар ҳам ижодкорлар ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш имконини бериши билан аҳамиятли.
Ўзбекистон кино санъатининг халқаро мулоқот майдонидаги иштироки ҳақида сўз борганда, миллий кинематографиянинг бой тарихи ва ижодий анъаналарини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси маданият вазирининг биринчи ўринбосари – Кинематография агентлиги директори Жаҳонгир Аҳмедов ҳам ўз фикрларини билдирди.
– Ўзбек киноси ҳақида гап кетганда, 1925 йилда «Шарқ юлдузи» номи билан фаолият бошлаган, кейинчалик «Ўзбекфильм» номи билан танилган киностудия кўз олдимизда гавдаланади, – деди Жаҳонгир Аҳмедов. – Бу нафақат киностудия, балки Ўзбекистоннинг жаҳон кино оламида ўз ўрни ва мавқеига эга бўлишига хизмат қилган улкан ижодий мактабдир. Кино соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтиришда бугунгидек тадбирларнинг аҳамияти беқиёс.
Дарҳақиқат, миллий кинонинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида бой ижодий меросни асраб-авайлаш, уни замонавий ёндашувлар билан уйғунлаштириш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир дастурининг кейинги қисми “The Hollywood Reporter” нашри билан ҳамкорликда ўтказилган “Chaplin Awards” мукофотини топшириш маросими бўлди.
[gallery-32141]
Киара Чаплин россиялик актриса Леонела Мантуровага тарихий кинолардаги кучли аёл образларини маҳорат билан гавдалантиргани учун «Олтин ҳасса» (Golden Cane) мукофотини топширди. Шунингдек, ўзбек кинорежиссёри Шухрат Аббосов кинематография ривожига қўшган ҳиссаси учун вафотидан сўнг тақдирланди. Мукофотни режиссёр номидан унинг ўғли Элжон Аббосов қабул қилиб олди.
– Отамиз ёшлигиданоқ Чарли Чаплин фильмларини катта қизиқиш билан томоша қилгани бизга маълум, – деди Элжон Аббосов. – Ҳар икки ижодкор фильмларида одамийлик ва инсонпарварлик ғоялари яққол кўзга ташланади. Ушбу мукофот нафақат оиламиз, балки Ўзбекистон кино санъатининг халқаро миқёсда эътироф этилиши ҳамдир.
Шуҳрат Аббосов ва Чарли Чаплин ижодини бирлаштирувчи жиҳатлардан бири — инсон тақдирига эътибор, одамийлик ва ҳаётни самимий тасвирлашга интилишдир. Уларнинг ижодий йўли ва бадиий ифода усуллари турлича бўлса-да, инсонни англашга қаратилган ғоялар ҳар икки ижодкор меросида муҳим ўрин тутади.
Кино саноатига қўшган салмоқли ҳиссаси учун “The Hollywood Reporter” таҳририяти Борис Ханчалянни Featured Producer мақоми («Эътироф этилган продюсер») билан эътироф этди.
Тадбирнинг якуний қисмида томошабинларга 2025 йилда Ўзбекистонда премьераси бўлиб ўтган «Haqqim bor» («Ҳаққим бор») фильми намойиш этилди.
Киноасарда зўравонликка дуч келган болаларнинг орзу-интилишлари, ички кечинмалари ва жамиятда ўз ўрнини топишга бўлган интилиши нозик тасвирланган.
Дастурнинг яна бир муҳим йўналиши кино намойишлари ва ижодкорлар билан учрашувлардан иборат бўлди. Жаҳон киноси намуналарининг намойиш этилиши, маҳаллий ва хорижлик мутахассислар билан мулоқотлар иштирокчилар учун тажриба алмашиш ва янги ижодий алоқалар ўрнатиш имконини яратди.
24 октябрь куни эса пойтахтда «Golden Globes Silk Road Tribute Gala» тантанали маросими бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Назокат Усмонова,
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари