Туманнинг чекка ҳудудида кичик ГЭС ишга тушди
Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик байрами арафасида Булоқбоши тумани Сарвонтепа маҳалласида лойиҳавий қуввати 6,9 МВт-соат бўлган "JFK-3" кичик гидроэлектр станцияси ишга туширилди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига аввалги йиллардаги ташрифи давомида мамлакатимизда, хусусан, Фарғона водийсида аҳоли хонадонлари, ишлаб чиқариш корхоналари сони ортиб бориши билан электр энергиясига талаб ортаётганлигини таъкидлаб, ушбу муаммони бартараф этиш учун қайта тикланувчи энергия манбаларини кўпайтириш, қуёш, шамолдан электр энергияси олишга қаратилган лойиҳаларни ҳамда гидро электр станцияларни ишга тушириш юзасидан топшириқлар берган.
Ана шу топшириқлардан келиб чиқиб, Андижон вилоятида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда


Вилоятда 2024-2025 йиллар давомида инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан 18 та микро ва кичик гидроэлектр станция ишга туширилди. Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиши белгиланган.
Жумладан, Жанубий Фарғона каналининг Булоқбоши тумани Сарвонтепа маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмда барпо этилган лойиҳавий қуввати 6,9 МВт бўлган «JFK-3» кичик гидроэлектр станцияси ҳам ана шу йўналишдаги ишларнинг биридир. Мазкур кичик ГЭС йилига ўртача 33 миллион кВт-соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш имкониятига эга.


Лойиҳанинг амалга оширилиши ҳудуднинг электр энергияси таъминотини яхшилаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳасида барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА мухбири