Мақсадим – Ўзбекистонни дунёга танитиш (+видео)
Фарғона вилояти “Қува анори” агрофирмаси раҳбари Мастурахон Сайфутдинова БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан “Агроозиқ-овқат тизимлари ва қишлоқларни ривожлантиришдаги 100 нафар қаҳрамон аёл” сафидан ўрин олди. Бу Ўзбекистон аёлларининг қишлоқ хўжалиги соҳаси ва қишлоқ жамоаларини ривожлантиришдаги муҳим ролини кўрсатувчи ажойиб ютуқдир. Ҳозир “Фарғона анорчилиги” агрофирмаси МЧЖда 300 гектар анор плантациялари яратилди. Фермерлар қарамоғига берилган аввалги анорзорлар эса 1000 гектардан ошиқ эди. Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида Президент топшириқлари асосида Мастура Сайфутдинова 5000 гектар янги анор плантацияларини ташкил этди.
Эришилган муваффақиятлар ҳақида Мастурахоннинг ўзи шундай ҳикоя қилади:
– Юртбошимиз жуда ҳам бир гўзал фикр айтгандилар: инсон ерга меҳр бериб, ақл билан экиб парваришласа, албатта, натижасини кўради. Бир нарсани мамнуният билан айта оламанки, Президентимиз анорчилик мактабига асос солдилар. Фарғона давлат университетида анорчилик йўналишини очиб бердилар. Сурхондарёда минглаб гектарда анорчилик плантациялари яратилишида ташаббускор бўлдилар. Аграр университетда ҳам анорчалик йўналиши ташкил этилди. Бугун ўша айтилган меваларни кўряпмиз. 10 га яқин ёшларимиз анорчилик бўйича илмий ишларни ёқлаб, илмий унвонларни олиш бахтига муяссар бўлдилар.
Мана, қаранг-а, қилинган меҳнат натижасини мен ўзимнинг мисолимда кўрдим. Куни кеча Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти хавфсизлиги форуми томонидан 131 давлатнинг 600 дан зиёд қатнашувчилари ичидан саралаб олинган 100 нафар етакчи аёллар номи эълон қилинди. Улар орасида мен ҳам борман. Инсон қадри, қиммати, меҳнати улуғланаётган юртда яшаётганлигимдан фахрланаман. Чунки мен Ўзбекистоннинг чекка қишлоғидаги оиланинг фарзанди эдим. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, мен ҳаётда шундай яхши раҳбарлар, инсонлар, устозлар билан, шундай ажойиб Юртбошимиз билан биргаликда ишлаш бахтига муяссар бўлдим. Менинг кичкинагина меҳнатим шундай юксак эътироф этилибдики, бу нафақат менга берилган унвон, балки Ўзбекистонимизда яшаб турган барча аёлларимизга берилган мукофот, эътибор ва эътироф деб биламан.
Бу ҳурматли Президентимизнинг бизга, хотин-қизларга яратаётган имконияти, эътибори натижаси. Шундай экан, биз аёллар ўзимизнинг олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимизни бажаришда албатта камарбаста бўлиб, дунёга Ўзбекистонимизни танитиш йўлида фидойилик кўрсатишга тайёрмиз.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/HbMJ57asskQ" title="Maqsadim O‘zbekistonni dunyoga tanitish" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), Равшанбек Ўринбоев, ЎзА