Туман ҳокимлиги ташаббуси оммалашмоқда
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ёшларга замонавий билим бериш, илм-фан ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қувонарлиси бу ишларга фуқаролар бефарқ эмас.
Туман ҳокимлигининг бу йўналишдаги хайрли ташаббуси нафақат ота-оналарни, илмга чанқоқ ўқувчиларни ҳам хурсанд қилди. Биринчи галда бугунги кун талабига муносиб, яхши билим берадиган ўқитувчилар сафини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Туманда етук, салоҳиятли, билимдон ўқитувчи ва педагогларнинг ватанпарвар ҳомийлар ҳамкорлигида рағбатлантириб борилаётгани ҳам ўз самарасини бермоқда.
Ота-оналар билан ҳамкорликда таълимга қаратилган яна бир хайрли лойиҳа қисқа фурсатда оммалашиб кетди. Биргина мисол. Туман ҳокими Шерзод Ашуров ташаббуси билан ҳафтанинг ҳар шанба куни ўтказилаётган ота-оналар билан учрашувларда ZOOM платформаси орқали 10 минг нафардан зиёд ота-оналар иштирок этмоқда. Жумладан, куни кеча 17- умумтаълим мактабида ташкил этилган учрашувда тумандаги 280 та бошланғич синфда таълим олаётган ўқувчиларнинг 12 мингдан зиёд ота-оналари ZOOM платформаси орқали ҳоким билан боғланди. Унда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, қизиқиши, ота-оналарнинг таклифи ва муаммолари муҳокама қилинди. Таълимдаги ютуқларни уюшқоқлик билан тарғиб қилиш ҳамда таълим тизимида самарадорликни ошириш орқали мамлакатимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-16080]
Йиғилишда туман ҳокими тўртта муҳим масалага алоҳида эътибор қаратди.
– Фарзандларимизга чет тилини ўргатиш, телефон ва унинг зарарли оқибатлари, китобхонлик, ота-оналар навбатчилиги ҳамда оталар рейтинги, ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ота-онанинг ўрни масалаларига алоҳида урғу бердим, – дейди туман ҳокими Ш.Ашуров. – Мазкур масалаларда ота-оналар ва устозларнинг ҳам фикрлари ўртага ташланди. Ҳар бир масалага масъулият билан ёндашишга келишиб олинди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбир