Туман ҳокимлари халқ дардини тингламоқда
Термиз тумани ҳокими Шуҳрат Қаландаров туман Халқ қабулхонасида аҳолини қийнаётган масалаларни ўз вақтида ҳал этиш учун мурожаатчилар билан юзма-юз мулоқот қилди.
Президентимиз топшириғи билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман, шаҳар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари Халқ қабулхоналарида мунтазам шахсий қабуллар ўтказиши белгилаб берилди. Шунга мувофиқ Сурхондарё вилоятида ҳам аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш ва уларнинг дарду ташвишларини тинглашга эътибор янада кучайди. Одамлар дуч келаётган муаммоларни ҳал этишга масъулият ошди.

Термиз тумани ҳокимининг халқ билан мулоқоти уч соат давом этди. Қабулда 30 дан ортиқ фуқаронинг коммунал соҳа, иш билан таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ер ва инфратузилма каби масалаларга оид 50 га яқин мурожаати эшитилди. Улардан 12 таси жойида ечим топди. 14 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. Қўшимча ўрганиш ҳамда ресурсларни жалб қилиш талаб этиладиган 22 та мурожаат масъул идора, ташкилотлар назоратига олиниб, уларнинг ижроси бўйича аниқ муддат ва вазифалар белгилаб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири