TUDSES – турк дунёси фуқаролик жамиятини бирлаштирувчи рақамли кўприк
Туркий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда сифат жиҳатидан янги босқичга чиқмоқда. Давлатлар аро муносабат билан чекланиб қолмай, бугунги кунда мазкур жараён фуқаролик жамияти, маданият, таълим ва рақамли технология соҳаларини ҳам қамраб олган.
Куни кеча Истанбул шаҳрида ташкил этилган Турк дунёси фуқаролик жамиятларини қўллаб-қувватлаш тизими – TUDSES (Türk Dünyası Sivil Toplum Destek Sistemi) тақдимоти айни саъй-ҳаракатнинг амалий ифодасидир.
Туркия Республикаси Президенти ташаббуси билан ишга туширилган мазкур рақамли платформа туркий давлатлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари, жамғарма ва федерацияларни ягона тизимга бирлаштирган. Тузилма доирасида аъзолар янги шериклар топиши, қўшма лойиҳалар амалга ошириши, тажриба алмашиши ҳамда давлат идоралари билан самарали мулоқот ўрнатиши мумкин.
Тақдимотда Президент бош маслаҳатчиси, Туркия Буюк Миллат Мажлиси депутати Куршат Зорлу ташаббусни юқори баҳолади. Тадбирдан сўнг у Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига интервьюсида лойиҳадан кўзланган мақсад ва вазифалари, жумладан Ўзбекистон билан ҳамкорлик истиқболи ҳақида сўзлади:
– Туркий давлатлар ташкилоти 2026 йилни “Сунъий интеллект ва рақамли тараққиёт йили” деб эълон қилди. Шу нуқтаи назардан TUDSES фаолияти жуда муҳим. Мақсадимиз Адриатикадан Хитой деворигача бўлган ҳудуддаги фуқаролик жамияти институтларини ягона рақамли инфратузилма орқали боғлашдир. Бу майдонда қўшма ташаббуслар амалга оширилади, тажриба алмашилади, долзарб масалалар муҳокама қилинади, халқларимизнинг умумий тарихи ва хотираси асраб-авайланади. Ишонаманки, TUDSES яқин йилларда турк дунёсининг энг йирик рақамли мулоқот платформаларидан бирига айланади.
Айни пайт ТДТ давлатлардаги 800 дан ортиқ фуқаролик жамияти ва 80 000 дан зиёд фойдаланувчи жамоамизга аъзо. Келгусида бутун турк дунёси бўйлаб қарийб 5 000 ташкилотни ушбу тизимга жалб этишни режалаштирганмиз. Ушбу лойиҳа бўйича Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар билан амалий иш бошлаганмиз. Платформанинг ўзбек тилидаги интерфейси ҳам тайёр. Энди ҳар бир фуқаролик жамияти ва ташкилот Туркия, Венгрия ёки Шимолий Кипрдаги ҳамкорлари билан бевосита мулоқот қилиши, қўшма лойиҳалар амалга ошириши ва ўз ташаббусларини давлат идораларига тезкор етказиши мумкин. Бу ҳали бошланиши, холос. Фаолиятни босқичма-босқич кенгайтирамиз ва бу жараёнда Ўзбекистон биз учун асосий ҳамкорларимиздан биридир.
Суҳбат давомида Куршат Зорлу туркий халқларни яқинлаштирувчи асосий омиллардан бири умумий тил эканини ҳам алоҳида қайд этди:
– Ўзбекистонга ҳар сафар борганимда ўзбекча гапиришга ҳаракат қиламан, чунки бу тил мен учун ўз тилим. Туркий халқлар имкони борича бир-бирига она тилида мурожаат қилиши керак. Шунда қалбларимиз янада яқинлашади. 7 июль куни Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказини зиёрат қиламиз ва албатта яна ўзбек тилида мурожаат қилиш ниятим бор.
Маълумки, ташкилотимиз Туркиядаги нуфузли университетлар билан ҳамкорликда Амир Темур хотирасига бағишланган қатор илмий анжуманлар ўтказди. Йил якунига қадар эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур мероси билан боғлиқ йирик маърифий дастур ташкил қиламиз. Умуман, Ўзбекистоннинг бой тарихи ва бебаҳо меросини Туркияда кенг тарғиб қилиш, Онадўли маданиятини эса Ўзбекистонда оммалаштириш ниятидамиз. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги барча фуқаролик жамияти ташкилотларини TUDSES платформасига қўшилиш таклифини илгари суряпмиз.
Тадбир доирасида ўтказилган, иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирган маданий дастурда Ўзбекистоннинг иқтидорли “Мюзик Болалар” жамоаси иштирок этди. Турк қўшиқларига каверлар ижро этган, айниқса “Қора севги” сериалига ишлаган саундтреки билан танилган жамоа Туркияга иккинчи марта таклиф этилди.

Глиэр номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчилари ва Ўзбекистон давлат консерваторияси талабасидан иборат олти нафар ёш санъаткор ўзбек, турк, қозоқ, қирғиз ва озарбайжон халқ қўшиқларини ижро этиб, барчанинг олқишига сазовор бўлди.
Ҳа, TUDSES туркий давлатлар ўртасидаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ташаббус сифатида баҳоланмоқда. Янги платформа фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, умумий тарихий хотира ва маданий меросни асраш, шунингдек самарали қўшма ташаббуслар амалга ошириш учун мустаҳкам рақамли пойдевор вазифасини ўташи кутилмоқда.
Нодира Кайимова, ЎзА