Тренд: Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳуқуқ-тартибот идоралари жиноятчилик, терроризм, кибержиноятчилик ҳамда бошқа хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашиш бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистон ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов ва Озарбайжоннинг мамлакатимизга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Рашад Айнаддин ўғли Маммадов ўртасида бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича Тренд ахборот агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, мулоқот чоғида томонлар икки давлат ўртасидаги дўстлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланаётганини алоҳида таъкидладилар.
Учрашувда икки ўлка Ички ишлар вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликнинг амалдаги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинган. Асосий эътибор жиноятчилик, терроризм ва экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ҳамда кибержиноятларга қарши курашишда тажриба алмашишга қаратилди.
Томонлар жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлигини таъминлашда амалий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, келгусидаги устувор йўналишларни белгилаб олишдан манфаатдор эканликларини билдирди.
(Ушбу мақола ЎзА ва Тренд ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик келишувига мувофиқ тайёрланди)
Ф.Яхшибоева, ЎзА