Транспорт йўналишида малакали мутахассислар тайёрланади
Тошкент давлат транспорт университетида “Транспорт соҳасида юксак малакали кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари” мавзуида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларни университетда самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Транспорт вазирлиги масъуллари, университет профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Мурожаатномада таълим тизими, хусусан, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга ошириш лозим бўлган вазифалардан келиб чиқиб, бўлажак мутахассис-кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳасида ислоҳотлар самарасини янада ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш масаласи муҳокама қилинди.
Транспорт соҳаси учун етук қадрлар тайёрлаш тизимида ечимини кутаётган муаммолар юзасидан фикр-мулоҳаза юритилиб, амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида ўзаро фикр алмашилди.
– Рақобатбардош кадрларни тайёрлар эканмиз, уларнинг билими, кўникмаси қанча кўп ва мустаҳкам бўлса, ана шундагина биз ўз мақсадимизга эришган бўламиз, – деди Тошкент давлат транспорт университети ректори Одил Абдураҳмонов. – Мазкур конференциядан мақсад ҳам давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномада белгилаб берган топшириқларидан келиб чиқиб, соҳамиз бўйича қисқа муддатда ва узоқни кўзлаган аниқ режамизни ишлаб чиқиш ҳамда тизимда татбиқ этишдан иборат.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА