Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Тожикистон транспорт-логистика ҳамкорлигини кенгайтириш йўлида муҳим қадам ташлади. Икки давлат расмийлари юк ташувларини ошириш ва экспорт жараёнларини соддалаштириш бўйича келишувга эришди.
Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳамда Тожикистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва савдо вазири ўринбосари Рухшона Насриддинзода бошчилигидаги делегация вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Икки мамлакат ўртасида транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро юк ташувлари ҳажмини ошириш ҳамда экспорт ва транзит жараёнларини соддалаштириш масалалари музокаралар марказида бўлди.
Хусусан, Ўзбекистондан Тожикистонга қурилиш материалларини автомобиль транспортида ташиш учун ундириладиган йиғимларни мақбуллаштириш, темир йўл орқали етказиб берилаётган экспорт юкларини Тожикистон ҳудудида вагонлардан тушириш жараёнларини тезлаштириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, икки давлат ўртасидаги чегара-ўтказиш пунктларининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, юк ташувлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Дўстона руҳда кечган учрашув якунида Ўзбекистондан Тожикистонга экспорт ҳажмини кўпайтириш, юк ташиш жараёнларини жадаллаштириш ҳамда мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган зарур чора-тадбирларни қисқа муддатларда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шербек Исломов,
ЎзА