Ўн минг қадам пиёда юрганлар рағбатлантирилади
“Ўн минг қадам пиёда” акциясини амалга ошириш ва рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган мазкур низом аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, пиёда юриш маданиятини ривожлантириш ва кундалик жисмоний фаолликни оширишга қаратилган.
«Ўн минг қадам пиёда» акциясининг асосий шарти — бир йил давомида ҳар куни камида 10 минг қадам юриш. Иштирокчилар натижалари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар кесимида, шунингдек, республика миқёсида алоҳида баҳоланади. Республика бўйича энг юқори натижани қайд этган 1–3-ўрин соҳиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Акция доирасида қадамларни ҳисобга олиш, натижаларни шакллантириш ва рейтинг юритиш учун мўлжалланган ахборот тизими — махсус платформа ишга туширилади. Платформа мобиль илова ва веб-портал дастурий маҳсулотларидан иборат бўлади. Веб-портал аҳолига соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш, тарғибот ва ташвиқот ишларини ташкиллаштиришда хизмат кўрсатувчи ҳамда вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларда платформада рўйхатдан ўтган ходимларнинг юриш натижаларига кўра, рейтингини тузувчи дастур ҳисобланади.
Мобиль илова орқали платформада рўйхатдан ўтган фуқароларнинг қадамлари тўғрисидаги маълумот веб-порталга интеграция қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси томонидан кўриб борилади.
Мобиль иловадан фойдаланиш учун фуқаролар Google Play Market ёки AppStore интернет дўконларидан мобиль иловани юклаб олиши ҳамда Android операцион тизимида Google Fit, iOS Google операцион тизимида HealthKit иловаларини мобиль қурилмасига ўрнатиши лозим. Фуқаро мобиль иловадан фойдаланиши учун “Электрон ҳукумат” тизими фойдаланувчиларини идентификациялашнинг ягона ахборот тизими (id.yegov.uz) орқали рўйхатдан ўтган бўлиши ҳамда аутентификация ва идентификациясини амалга ошириши зарур.
Акцияда шаффофлик ва адолатни таъминлаш мақсадида иштирокчилар натижалари текшириб борилади. Бошқа шахс аккаунтидан фойдаланиш, югуриш йўлаклари, транспорт воситалари ёки махсус техникалар ёрдамида қадамларни сунъий кўпайтириш тақиқланади. Қоидабузарлик аниқланган тақдирда, иштирокчи акциядан четлаштирилиши, натижалари бекор қилиниши ва аккаунтига чекловлар қўйилиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, акция орқали нафақат жисмоний фаолликни ошириш ва соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, балки яшил ҳудудлар ва жамоат масканларидан самарали фойдаланиш, экологик маданиятни юксалтириш мақсадлари ҳам кўзда тутилмоқда.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА