Транспорт соҳасидаги саноат занжири харидор ва ишлаб чиқарувчиларни бир майдонда жамлади
Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги “SOF EXPO Samarkand” кўргазмалар мажмуасида транспорт йўналишида миллий саноат занжири кўргазмаси иш бошлади.
Бугунги кунда мамлакатимиз транспорт тизимида 12,8 миллиард долларлик 36 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Таҳлилларга кўра, ушбу лойиҳаларда 407,3 миллион долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш салоҳияти мавжуд. Шу мақсадда ташкил этилган кўргазмада 80 та тармоқ ва ҳудудий корхона транспорт соҳаси учун мўлжалланган маҳсулотлари, бутловчи қисмлари ҳамда технологик ечимларини намойиш этмоқда.
Тадбирнинг очилиш маросимида Самарқанд вилоят ҳокими Адиз Бобоев, Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Ҳайдаров ва бошқалар сўзга чиқиб, кўргазманинг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижаларга тўхталди.
– Бу йил иккинчи марта ташкил этилган кўргазма Президентимиз ташаббуси билан шакллантирилган маҳаллийлаштириш, саноат кооперацияси ва давлат харидлари соҳасида янги тизим доирасида ўтказилмоқда, – дейди Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги директори Бахтиёр Ҳайдаров. – Асосий мақсад ишлаб чиқарувчилар учун янги бозор яратиш, маҳаллий корхоналарни йирик саноат занжирига олиб кириш ва юқори қўшилган қийматни мамлакат ичида шакллантиришга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги йирик транспорт компанияларининг саноат салоҳияти, эҳтиёжлари ва стратегик режалари тақдим этилмоқда.
Кўргазмада импорт қилинаётган ускуна, бутловчи қисм ва материалларни маҳаллийлаштирган тадбиркорлар билан давлат хариди субъектлари бўлган транспорт корхоналари ўртасида узоқ муддатли кооперация шартномалари имзолаш имконияти яратилган. Бу ерда буюртмачи ва ишлаб чиқарувчилар юзма-юз мулоқот қилиб, келишувларга эришиши мумкин.
Икки кун давом этадиган кўргазмада 30 дан ортиқ давлат буюртмачилари, харид операторлари, сертификатлаштириш, экспертиза ва стандартлаштириш ташкилотлари ҳамда тижорат банклари ҳам иштирок этмоқда.
– Кўргазмада заводимизда ишлаб чиқарилаётган янги автобус, шунингдек, 12 тонна юк кўтариш қувватига эга бўлган автомашинамизни намойиш этяпмиз, – дейди “Sam AVTO” корхонаси савдо бўлими менежери Моҳинур Шаропова. – Бундан ташқари, автотранспорт воситалари учун зарур эҳтиёт қисмларни ҳам олиб келганмиз. Корхонамизда тайёрланаётган “пикап” автомобилларининг 12 фоизгача, юк автомобиллари ва автобусларнинг 30 фоизгача бутловчи қисмлари маҳаллийлаштирилган. Ўтган йилги кўргазмада “пикап” автомобилимиз учун элликка яқин шартнома тузилганди, бу йил ушбу рақам ошиши кутилмоқда.
Тадбир давомида B2B ва B2G учрашувлари, амалий музокаралар ҳамда ҳамкорлик меморандумлари ва шартномаларини имзолаш жараёнлари ўтказилмоқда.
[gallery-30430]
Мазкур кўргазма маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни йирик давлат буюртмачилари билан бир майдонда учраштириб, саноат кооперациясини кенгайтириш ва транспорт соҳасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),
ЎзА мухбирлари