Трампнинг махсус вакили Ғазо саммити режасини тайёрламоқда
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Ғазо секторини қайта қуриш бўйича ғоя таклиф қиладиган қурилиш компаниялари ва меъморлар саммити режасини ишлаб чиқмоқда, деб хабар тарқатди “Wall Street Journal” нашри.
Маълум бўлишича, мулозим айни ташаббусни Америка етакчисининг куёви Жаред Кушнер билан Майамидаги инвестиция форумида муҳокама қилган.
– Бутун дунёдан вакиллар – дизайнер, қурувчи ва архитекторларни бир жойга тўплаш, ғоя ва лойиҳаларни муҳокама қилиш ҳақида гаплашдик, – дея Уиткоффнинг сўзларидан иқтибос келтирган газета.
Махсус вакил Ғазони қайта қуриш бўйича саъй-ҳаракатни бошлаш учун Оқ уйда бунёдкорлар ва саноат соҳаси раҳбарларини бирлаштирадиган анжуман ўтказиш мақсадида иш олиб боряпти. Тадбир доирасида қурилиш техникаси оммавий намойиши ўтказилади. Манфаатдор компаниялар иштирокида логистика билан боғлиқ ва техник масалаларни ҳал қилиш, бомбаларни аниқлаш, ер ости йўллари барпо этиш, қурилаётган ҳудудни тарк этишни истамайдиганлар билан тушунтириш ишлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинади.
Трамп аввалроқ АҚШ Ғазони “назорат қилиши” ва минтақани қайта тиклаб, дунёнинг энг гузал гўшасига айлантириш учун жавобгар бўлишини эълон қилган. Шу билан бирга сектор аҳолиси бошқа мамлакатларга абадий кетиши кераклигини таъкидлаб, фаластинликлар учун яшаш манзили сифатида Иордания ёки Мисрни келтирган. Ҳатто, ҳудудга АҚШ армияси юборилиши мумкинлигини ҳам истисно этмаган.