Трамп йўналиши шунчаки йўл эмас
– Трамп йўналиши лойиҳаси (TRIPP) илгари сурилгандан бир йил ўтиб, АҚШнинг ўрни нафақат савдо соҳаси, балки Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё геосиёсати учун ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейилган “The Hill” газетасида чоп этилган таҳлилий мақолада.
Арманистон ва Озарбайжон иштирокидаги мазкур ташаббус бу икки мамлакатни Туркия билан боғлаб, Европа ва Осиёни бирлаштирадиган кенг Ўрта йўлакнинг бир қисмига айланади. Яна бир афзаллик Россия ва Эронни четлаб ўтиб, савдо ва транспорт алоқасини ривожлантириш имкониятидир.
Таъкидланишича, Вашингтон учун TRIPP минтақадаги мамлакатлар мустақиллигини мустаҳкамлаш воситасидир. Бу лойиҳа айниқса Россия – Украина уруши ва Эрон атрофидаги кескинлик кучайиши асносида жуда муҳим. Йўлак жаҳон савдосининг денгиз йўлига боғлиқлигини сезиларли даражада камайтиради. Айни пайт Ҳурмуз бўғози, Қизил ва Қора денгиз глобал савдо ҳамда энергия тизими учун асосий бўғин нуқталари бўлиб қолмоқда. Бу ҳудудлардаги ҳар қандай можаро ёки ҳарбий ҳаракат таъминотни тезда бузиши ва нархни ошириши мумкин.

Ўрта йўлакнинг аҳамияти фақат транзит билан чекланмай, янада кенг имконият яратади. Зеро, Каспий минтақаси ва Марказий Осиё улкан нефть ва газ захираси, шунингдек уран ва ноёб ер металларига эга. Ишончли қуруқлик йўли Ғарб мамлакатлари ушбу ресурсларга етиб келишини осонлаштиради, маълум етказиб берувчиларга қарамликни камайтиради.
Озарбайжон, Арманистон ва Туркия ўртасидаги алоқаларни сақлаб қолган ҳолда, йирик энергетика ва телекоммуникация лойиҳалари шимолда янада ривожлантирилиши мумкин.

Қўшма Штатлар учун TRIPP лойиҳасининг асосий таъсири минтақадаги мавқени мустаҳкамлашдир. Вашингтон транспорт лойиҳасини иқтисодий ва стратегик ҳамкорликнинг узоқ муддатли воситасига айлантиришга интилади. АҚШнинг Европа ва Осиёдаги иттифоқчилари, хусусан ЕИ, Буюк Британия, Япония ва Жанубий Корея мазкур йўлакни ривожлантиришда иштирок этишдан манфаатдор. Бу давлатлар ва минтақалар учун айни йўналиш савдо йўли, қувват манбаси ва муҳим ресурс етказиб бериш имкониятини ҳам тақдим этади.
Хуллас, TRIPP Евросиёда таъсирга эга бўлиш йўлида кечадиган жиддий рақобатнинг бир бўлагига айланмоқда. Вашингтон учун эса ташаббус Ғарбга элтадиган янги муқобил йўл ва янги алоқа тизимини яратиш имконияти сифатида баҳоланмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА