Трамп вице-президентликка кимни танлади?
Кеча АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп агар сайловда ғолиб чиқса, вице-президент сифатида Жей-Ди Вэнсни кўраётганини ошкор қилди. Айни пайт янги номзод чексиз миннатдорлигини изҳор этишдан тўхтамай, Трамп билан бирга курашга киришаётгани ўзи учун шараф эканини таъкидламоқда.
Республикачилар партияси қурултойида Трамп Вэнсга, агар ғалабага эришса, вице-президентлик лавозимини эгаллашни таклиф қилди. Кейинроқ анжуман Вэнсни ушбу лавозимга тасдиқлади.
– Миннатдорлигимнинг чеки йўқ, – деб ёзди Вэнс ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. – Номзодим Дональд Трамп билан бирга кўрсатилиши мен учун тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада шараф. Бир вақтлар тинчлик, фаровонлик келтирган инсон сизнинг ёрдамингиз билан бу ишни яна такрорлайди. Ғалаба учун олға!
Вэнс 39 ёшда. Оилали, уч нафар фарзанди бор. Бўлажак сиёсатчи нуфузли Йель ҳуқуқ мактабини битирган. Республикачиларнинг машҳур донори, миллиардер Питер Тиль билан бирга инвестиция жамғармасида ишлаган. 2023 йилдан сенатор.
Украина масаласидаги чиқишлари билан ҳам танилган Жей-Ди АҚШ томонидан ажратилаётган кўп миллиард долларлик ёрдамни танқид қилиб, ҳукуматни Россия билан музокарага чақириб келади. Сиёсатчи таъкидлашича, Киевнинг 1991 йилдаги чегараларни қайта тиклаш мақсади амалга ошмайдиган иш, можарони ҳал қилиш учун бетараф давлат бўлиш ва ҳудудий баҳсни музлатиш лозим.
Вэнс ҳақида экспертлар турли фикр билдирмоқда. Масалан, америкалик собиқ дипломат Жеймс Карден у ҳақда “РИА Новости”га шундай деди:
– Тажрибасиз, шу билан бирга ақлли бу сенатор Трамп ўзига номзод сифатида танлаши мумкин бўлган “энг муваффақиятсиз” танлов.
Номзоди кўрсатилгандан кейин Вэнс “Fox News” телеканалига берган дастлабки интервьюсида Трамп агар ғалабага эришса, Россия – Украина можаросини ҳал қилиш ва ядровий таҳдидни бартараф этиш бўйича музокара ўтказишига ишонч билдирди. Шунингдек, ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариб юбориш зарурлигини ҳам қўшимча қилди:
– Мамлакатимизга ноқонуний йўл билан келганларни депортация қилишимиз керак. Бу муҳим сиёсий ғалаба бўлади. Биринчи навбатда Америка қонунчилигини бузган ва жиноят йўлига кирганларни ҳайдаш керак.
Хуллас, ҳозир Америка ОАВ ҳам, хорижий матбот ҳам, жумладан Британияда чиқадиган “Times”, “Teleraph”, “Guardian”, “Financial Times” газеталари, “Sky News” телеканали, Американинг NBC, CBS, CNN телеканаллари, “Wall Street Journal”, “New York Times”, “Washington Post” ва бошқа кўплаб таниқли нашрлар, шунингдек Польшанинг “Rzeczpospolita” ва “Onet” газеталари АҚШ вице-президентлигига Огайо штатидан сенатор Жей-Ди Вэнс номзоди кўрсатилгани ҳақидаги хабарларни биринчи саҳифага жойлаштирди.
Қолаверса, айни мавзу Шарқда ҳам кенг муҳокама қилиняпти. Хусусан, Япониянинг NHK телеканали ва “Иомиури” газетаси ҳам Вэнс шахсига бағишланган материалларни кетма-кет эълон қилмоқда.
Энг сўнгги хабарларга қараганда, масалан, “Politico” нашри ёзишича, амалдаги вице-президент Камала Харрис телебаҳс ўтказишни таклиф этиш мақсадида эҳтимолий ҳамкасбига қўнғироқ қилган. Афсуски, жавоб бўлмаган.
Жей-Ди Вэнс аввалроқ, аниқроғи 2022 йилдаги интервьюсида Украина келажаги ҳақида қайғурмаслиги, бу муаммо уни қизиқтирмаслигини айтган эди, деб эслади 30 миллион обуначиси бор “The New York Times” сайти.
Кузатувчилар таъкидлашича, америкалик сиёсатчи Киевни қўллаб-қувватлашга қарши, Украина ҳарбий ҳаракатни тўхтатиши, Россия билан музокара бошлаши керак, деб ҳисоблайди.
Европа Иттифоқининг юқори даражали мулозимларидан бири “Politico” нашри мухбирига республикачилардан вице-президентликка Сенатор Жей-Ди Вэнс номзоди кўрсатилиши Украина учун “ҳалокат”, деди.
Президент Жо Байден эса журналистлар билан суҳбатда Вэнсни Трампнинг “клон”и сифатида таърифлаб, “Барча масалаларда Трампнинг “дурагай”и, ҳеч қандай фарқ кўрмаяпман”, - деган.
Эҳтимол, юқоридаги фикрлар Жей-Ди Вэнс қандай сиёсатчи эканлигига бироз ойдинлик киритар...
Саидмурод Раҳимов,
ЎзА