Трамп Гренландияга қарши куч ишлатмоқчи(ми?)
Президент Дональд Трамп Гренландияни аннекция қилиш учун ҳарбий куч ишга солиниши мумкинлигини айтди. Бундай таҳдид асносида Дания Қироллигининг ўзини ўзи бошқарадиган мазкур ҳудудини Қўшма Штатлар таркибига қўшиб олиш ҳам истисно этилмаслиги таъкидланган.
Трампнинг ресурсларга бой йирик орол устидан назоратни қўлга олиш ҳақидаги охирги изоҳи тахминан шундай янграган:
– Бизга Гренландия жуда керак. Аҳолиси камчилик, уларга ғамхўрлик қиламиз ва қадр кўрсатамиз. АҚШнинг айни қадами халқаро хавфсизлик йўлида жуда муҳим.
НАТО иттифоқчиси Дания ва Гренландиянинг ўзи мазкур ғояни қатъий рад этган бўлса-да, Трамп оролни сотиб олиш ёки куч ишлатиш, иқтисодий мажбурлаш йўли билан қўлга киритиш режасини бир неча бор ошкор қилган.
Экспертлар фикрича, бу масалада Қўшма Штатларни қизиқтирадиган бир неча омил мавжуд. Аввало, АҚШ ва Европа ўртасида жойлашган Гренландия ўзига хос геосиёсий мавқега эга манзил сифатида Россиянинг ҳар қандай эҳтимолий ҳужумини қайтаришда ёрдам беради. Шунингдек, асосий юк ташиш йўли бўйлаб жойлашган ва стратегик денгиз минтақаси ҳисобланган Гренландия – Исландия – Бирлашган Қироллик оралиғининг бир қисмидир.
Мусулмон Зиё, ЎзА