Тожикистон Президенти билан учрашув
Душанбе шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон томонидан қабул қилинди.
Вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга йўллаган мактубини топширди.
Бўлиб ўтган суҳбат чоғида дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг долзарб масалалари, олий даражадаги ташрифлар доирасида эришилган келишувлар ижроси кўриб чиқилди.
Марказий Осиёдаги давлатларо ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Экспорт кўламини кенгайтириш, янги транспорт йўлаклари очиш ва минтақавий бозорларни ўзлаштириш имконияти батафсил муҳокама қилинди.
Учрашувда олий ва юқори даражадаги бўлажак учрашувлар жадвали, шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати