Тожикистон ҳудудида Ўзбекистон тажрибаси асосида ғўза етиштирилмоқда
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Пахта селекцияси, уруғчилиги ва агротехнологиялар илмий-тадқиқот институти мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ Тожикистонда бўлиб, жами 50 гектар майдондаги ғўза ҳолатини бевосита далада таҳлил қилди.
Бугунги кунда ушбу майдонларда Ўзбекистон тажрибаси асосида “Шинжон” усулида ғўза етиштирилмоқда. Экин майдонлари уч асосий ҳудудга бўлинган: Суғд вилояти Бобожон Ғофуров туманида 25 гектар, Ҳисор туманидаги тажриба майдонида 10 гектар ҳамда “Мергантекс” МЧЖ майдонида 15 гектар.
Энг кўп эътибор қаратилган майдонлардан бири “Бухоро агрокластер” томонидан парваришланаётган 25 гектарлик дала бўлди, дейилади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Бу ерда мутахассислар 12 гектар майдонда ортиқча суғориш сабаб ғўза ҳаддан ташқари бўй чўзиб кетганини кузатишди. Қолган қисмида эса вазият барқарор, ўсимликлар меъёрида ривожланмоқда. Мутахассислар бундай ҳолат ҳосилга бевосита таъсир қилишини таъкидлаб, муҳим тавсиялар берди.
Ҳисор туманидаги 10 гектарлик тажриба майдони эса ўзига хос “очиқ лаборатория”га айланган. Бу ерда Ўзбекистон ва Тожикистон навлари – Порлоқ-4, Равнақ-1, Данғара ва Хўжанд синовдан ўтказилмоқда. Далада кузатилган энг эътиборли ҳолатлардан бири айрим ўсимликларда кўсаклар сони 20–25 тагача етгани бўлди. Бу эса тўғри агротехника қўлланганда натижа сезиларли даражада яхшиланишини яна бир бор тасдиқлади.
Шу билан бирга, мутахассислар ортиқча вегетатив ўсишни чеклаш учун механик чилпиш ва кейинги босқичда махсус препаратлар билан ишлов беришни тавсия қилди.
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида Тожикистон ҳудудида етиштирилаётган ғўза майдонлари бевосита даланинг ўзида ўрганилди. Ҳосилдорликни ошириш ва пахтанинг пишишини тезлаштириш бўйича амалий тавсиялар берилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА