Тожикистон Эрондан нефть ва ёнилғи сўради
Тожикистон Транспорт вазирлиги РФдаги ёнилғи танқислиги фонида Эрондан 2,5 миллион тонна нефть ва нефть маҳсулотлари импорт қилиш бўйича мурожаат йўллади.
Расмий баёнотга кўра, Душанбе Теҳрондан жами 2,55 миллион тонна ёнилғи, жумладан, 2 миллион тонна хом нефть, 150 минг тонна бензин, 300 минг тонна дизель ва 100 минг тонна авиация керосини сўраган.
Одатда Тожикистон нефть маҳсулотларининг 80 фоизгача бўлган қисмини Россиядан олиб келар эди, бироқ ушбу форсийзабон мамлакатни Эрон билан мустаҳкам маданий ва тил қардошлиги ҳам боғлаб туради.
Сўнгги пайтларда Украина томонидан Россия нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилаётган дрон ҳужумлари сабабли Москва ёнилғи бўйича ички бозорда тақчилликка дуч келди ҳамда бензин ва дизель экспортига тақиқ жорий этди.
Тожикистон энергетика вазирлиги Қозоғистон, Туркманистон, Эрон, Ироқ ва Беларусь билан қўшимча ёнилғи етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА