"Meta" болаларга етказилган зарарни билганми?
АҚШнинг тўрт штати "Meta" корпорациясини "Facebook" ва "Instagram"ни ёш фойдаланувчиларни ўзига кўпроқ боғлаб қўядиган тарзда ишлаб чиқишда айбламоқда. Прокурорлар даъвосига кўра, платформа раҳбарияти ўсмирлар дуч келаётган салбий оқибатлардан хабардор бўлган, аммо бу маълумотларни жамоатчиликдан яширган. Компания эса барча айбловларни рад этмоқда.
Судда "Meta"нинг собиқ муҳандислик директори Артуро Бехарнинг кўрсатмалари жиддий саволларни ўртага ташлади. Унинг айтишича, ички сўровларда фойдаланувчилар билдирган салбий тажриба очиқ ҳисоботларда акс этган кўрсаткичдан 100 бараваргача юқори бўлиши мумкинлиги аниқланган. Бехар 13 ёшга тўлмаган ўн минглаб болалар “Instagram”дан фойдаланаётганини ҳам маълум қилган.
Унинг таъкидлашича, хавфлар ҳақида раҳбариятни бир неча бор огоҳлантирган. Шунга қарамай, “Reels” каби янги функциялар жорий этилганда хавфсизлик етарлича устувор бўлмаган. У шунингдек, компания зарарни баҳолашда фойдаланувчиларнинг реал тажрибасидан кўра, қоидаларни бузувчи контент миқдорига таянганини танқид қилди.
Прокурорлар “Meta”нинг бизнес манфаати фойдаланувчиларни узоқроқ ушлаб туриш ва улар ҳақида кўпроқ маълумот тўплашга ундаганини айтмоқда. Агар суд платформанинг дизайни ва унинг фойдаланувчини ушлаб қолишга қаратилган механизмлари ҳам ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин, деган хулосага келса, қарор “TikTok”, “Snapchat” ва “YouTube” каби сервисларга ҳам таъсир қилиши мумкин. Бу иш шу тариқа ижтимоий тармоқларда болалар хавфсизлиги бўйича янги ҳуқуқий мезонларни белгилаши эҳтимоли билан аҳамиятли.
Мусулмон Зиё, ЎзА